Тошкентда 24 ноябрь куни БМТ Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиё учун 2022-2025 йилларга мўлжалланган Дастурини имзолаш ва ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ўринбосари, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси Ижрочи директори Гада Фатҳи Вали, бошқарманинг Марказий Осиёдаги минтақавий вакили Ашита Миттал, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи сиёсат идоралари масъуллари, шунингдек, мамлакатимиздаги БМТ бўлинмалари, халқаро тузилмалар, асосий шерик ва донор ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Ишга туширилган мазкур янги дастур ёрдамида БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси аъзо давлатларга тинчлик, хавфсизликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлашга, минтақани наркотик моддалардан, жиноятчиликдан, коррупция ва террорчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш орқали тараққиётга эришишда техник кўмак беради.

– Глобализация ва халқаро низолар трансформацияси шароитида трансмиллий хавф-хатарларга, таҳдидларга қарши биргаликда курашиш, самарали минтақавий ҳамкорликни йўлга қўйиш мамлакатларимиз учун кун тартибидаги энг устувор ва долзарб вазифалардан бири эканлиги шубҳасиз, – деди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири А.Комилов анжуманни очаркан.

– БМТ Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиё учун 2022-2025 йилларга мўлжалланган Дастурига киритилган масалалар трансмиллий хатарлар билан боғлиқ кўп қиррали муаммоларни бартараф этишда, бундай салбий ҳолатларга қарши биргаликда кураш олиб бориш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

– Марказий Осиё учун ишлаб чиқилган ушбу янги Дастур миллий устувор йўналишларга, Барқарор ривожланиш мақсадларига, жумладан, тинч жамият, қатъий ҳисобот остида фаолият юритадиган адолатли институтлар барпо этиш, гендер тенгликка, мукаммал соғлиқни сақлаш тизими ва қонун устуворлигига эришиш, инсон ҳуқуқи доирасида глобал шерикликни йўлга қўйиш бўйича талабларга тўлиқ жавоб беради, – дея таъкидлади ўз навбатида Гада Вали хоним.

Дастур минтақамиздаги барча давлатлар вакиллари иштирокида қарийб бир йил давом этган, ушбу муҳим масаланинг барча жиҳатларини қамраб олган маслаҳатлашув, музокаралар давомида ишлаб чиқилди.

БМТ Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг 2015-2021 йилларда амалга оширилган аввалги муқобил дастурнинг илғор тажрибасига асосланган мазкур ҳужжат тузилманинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган стратегиясига ҳам мос келади.

Қолаверса, Марказий Осиёнинг беш давлати томонидан белгилаб олинган ва қуйидаги беш йўналишда акс этган устувор вазифаларга асосланган техник жиҳатдан қўллаб-қувватлашга ва эксперт кўмаги кўрсатишга қаратилган минтақавий ҳамкорлик учун стратегик манба бўлиб хизмат қилади:

Трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг олдини олиш ва мазкур иллатга қарши курашиш;

Жиноятчиликнинг олдини олиш, одил суд тизимига кенг йўл очиш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш;

Наркотик истеъмоли муаммосини ҳал этиш, наркотик истеъмоли билан боғлиқ мойиллик ва руҳий тушкунликни даволаш ва ОИТВ/ОИТС профилактикаси;

Террорчилик, зўравон экстремистлик ва зўравонликка олиб борувчи радикалликнинг олдини олиш ва мазкур иллатларга қарши курашиш;

Тадқиқотларни, тенденциялар таҳлилини, сиёсат, ахборий-маърифий фаолият ва суд экспертизаси ишлаб чиқиш соҳасидаги ишларни қўллаб-қувватлаш.

Ушбу устувор жиҳатларга эътибор қаратган ҳолда, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ўзининг Марказий Осиё давлатларини қўллаб-қувватлашда тезкорлик, самарадорлик ва натижадорликни оширишга интилмоқда. Жумладан, Афғонистондаги вазият ўзгариши асносида минтақада наркотик, жиноятчилик ва террорчилик билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга ҳисса қўшиш ҳам кўзда тутилган.

Маросим давомида бошқарманинг Марказий Осиёдаги минтақавий вакили Ашита Миттал томонидан БМТ Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиё учун 2022-2025 йилларга мўлжалланган Дастури тақдимоти намойиш этилди.

Музокараларда асосий шерик ва донор тузилмалар ва хорижий давлатлар вакилларидан Марказий Осиё минтақавий ахборот-мувофиқлаштириш маркази ҳамда АҚШ, Россия ва Япония экспертлари иштирок этди.

Анжуман якунида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ўринбосари, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси Ижрочи директори Гада Фатҳи Вали томонидан имзоланган Дастур расман ишга туширилди.

 

Ғайрат Хоннназаров, ЎзА мухбири