Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг тадбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6099-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида туманда бир қанча ишлар амалга оширилди.

Ёшларимиз жисмонан соғлом, маънан этук ва интеллектуал ривожланишлари учун яратилаётган шарт-шароитлар ўз натижасини кўрсатмоқда.

Хусусан, 2021 йил 22 ноябрь куни Тўрткўл тумани Маданият саройи биноси олдида жорий йил 17-21 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида спортнинг ITKW каратэ-до тури бўйича Осиё чемпионати мусобақаси ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Тошкент шаҳридаги Осиё чемпионатидан қайтган чемпионларни бир қатор масъуллар катта тантана ва шодиёна билан кутиб олдилар. Туман ҳокими Р.Шамуратов ёшларнинг бугунги эришган улкан ютуқлари, Осиё давлатлари ўртасидаги эришган ғалабалари билан қутлади ҳамда барча спортчи ёшларга туман ҳокимлиги томонидан тайёрланган қимматбаҳо совғаларни тақдим қилди.

Хусусан, 2021 йил 5-7 ноябрь кунлари Туркия давлати Истамбул шаҳрида спортнинг каратэ-до шотокан (W.С.Ф) тури бўйича ўтказилган 11-Жаҳон чемпионатида бешта йўналиш бўйича иккита олтин, битта кумуш ва битта бронза медалларини қўлга киритган Тўрткўл тумани халқ таълими бўлимига қарашли 1-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 6-Б синф ўқувчиси Хуррамова Бибиҳол Мансуровнага қимматбаҳо телевизор совға қилинди.Шунингдек, 2021 йил 17-21 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида спортнинг Каратэ-до тури бўйича ўтказилган Осиё чемпионати мусобақасида Осиё минтақасидан 20 та давлат иштирок этиб, Тўрткўл туман Болалар ўсмирлар спорт мактабидаги 50 нафар спортчи ёшларимиз фаол иштирок этдилар. Мусобақа якунида спортчи ёшларимиз 13та олтин, 19 та кумуш, 14та бронза медалларни қўлга киритиб, Ўзбекистон байроғини кўкларга кўтардилар.Тадбир давомида мана шундай улуғ мақсадга эришиш йўлида жонбозлик кўрсатган барча спортчи ёшлар ва уларнинг устозларини туман ҳокими Р.Шамуратов, туман прокурори М.Матчанов, ҳоким ўринбосарлари ва тегишли соҳа раҳбарлари қизғин табрикладилар.

Тўрткўл тумани ҳокимлиги ахборот хизмати берган маълумотга кўра, катта тантана билан ёшлар ҳокимликнинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.

Акмал Сражатдинов,

ҚҚДУ журналистика таълим йўналиши талабаси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.