Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 майдаги “Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида мамлакат бўйлаб кекса авлод вакилларининг саёҳат қилишини рағбатлантириш мақсадида ноябрь ойи “Кексалар туризм ойлиги”, деб эълон қилинган.
Ушбу қарор ижроси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан кекса авлод вакилларига муносиб эътибор қаратиш мақсадида қатор тадбирлар ташкил этилмоқда. Хусусан, нуроний отахон ва онахонларнинг юртимиздаги қадимий шаҳарлар, археологик объектлар, диққатга сазовор жойлар, маданият масканларига саёҳати ташкил этилмоқда.
Куни кеча Нукус шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи бир гуруҳ кекса отахон ва онахонлар ҳамда мудофаа тизими фахрийларининг И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи саёҳати уюштирилди. Нуронийлар бу ерда қорақалпоқ халқининг тарихи, этнографиясига оид экспонатлар, музей коллекциясидан ўрин олган ноёб тасвирий санъат асарлари билан яқиндан танишди. Саёҳат иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА