Бугун ЮНИСEФнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Афшан Хан хоним Ўзбекистонга бир ҳафтага ташриф буюради.

Бу унинг ушбу лавозимда мамлакатга 2018 йилдан бери иккинчи ташрифидир.

16-21 ноябрь кунларидаги ташриф давомида Хан хоним Ўзбекистон ҳукумати ва ЮНИСEФ ўртасида 2021-2025 йилларга мўлжалланган Мамлакат ҳамкорлик дастурини амалга ошириш бўйича истиқболдаги режаларни муҳокама қилиш учун юқори мартабали ҳукумат вакиллари билан учрашади. Пойтахтда ва Қорақолпоғистонда бўлиб ўтадиган учрашувларда мамлакатда болалар ҳуқуқларини амалга ошириш, аҳоли ижтимоий ҳимояси ва болаларни ҳимоя қилиш тизими, она ва бола саломатлиги, сифатли ва инклюзив мактабгача ва ўрта таълим, иқлим ўзгаришининг болалар ва ёшларга таъсири, COVID-19 га қарши кураш масалаларининг устувор йўналишлари ва асосий жиҳатларига эътибор қаратилади.

«Мен Ўзбекистонга келганимдан ҳамда ЮНИСEФ Ўзбекистон ҳукумати билан биргаликда болалар манфааталари учун кўриладиган масалаларни мустаҳкамлаш борасида эришган ютуқларни гувоҳи бўлганидан жуда мамнунман», деди Хан хоним.

“COVID-19, иқлим ўзгариши ва атроф-муҳитнинг деградацияси сингари янги муаммолар болалар саломатлигига янада кўп таъсир қилиб бораётганини кўрар эканмиз, имконият ва масъулиятимиз бор экан, биргаликда эришганларимизга таяниб, болалар манфаатлари учун саъй-ҳаракатларимизни давом эттирамиз».

ЮНИCEФнинг минтақавий директори фуқаролик жамияти ташкилотлари, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар ташкилотлари вакиллари билан, шунингдек болалар, ёшлар ва оилалар билан ҳам мулоқотда бўлади.

Ташриф давомида ЮНИCEФнинг минтақавий директори «Zamin» халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда ташкил этилган «Ногиронлиги бўлган болалар учун инклюзияни таъминлаш» мавзусидаги юқори даражадаги халқаро форумда иштирок этади.

Форум Жаҳон болалар куни ва ЮНИCEФнинг 75 йиллигига бағишланган.

Маълумот ўрнида, Афшан Хан хоним 30 йилдан ортиқ вақт давомида халқаро фуқаролик хизматида фаолият олиб боряпти. Илгари у ЮНИCEФнинг Фавқулодда вазиятлар дастурларини амалга ошириш департаменти директори ва бошқа юқори лавозимларни эгаллаган. Жумладан, Давлат сектори альянслари ва ресурсларни сафарбар қилиш департаменти директори, Шарқий ва Жанубий Африка бўйича минтақавий директор ўринбосари ва ЮНИCEФнинг Ямайкадаги ваколатхонаси раҳбари лавозимларида ишлаган.

 

З. Мирзабоева, ЎзА