Чехиядаги президентлик сайловларининг биринчи тур якунлари бўйича 7 нафар номзод баҳсларни тарк этиши маълум бўлди. Шундан сўнг уларнинг тўрт нафари ўз тарафдорларидан кейинги турда Фанлар академиясининг собиқ раиси Йирки Драгоша номзодини қўллаб-қувватлашларини сўраган. Бу ҳақда якшанба куни президентликка номзодлардан бири шифокор Марек Земан маълум қилди, дейилади РИА хабарида.

Чехияда якунига етган ҳафтанинг жума ва шанба кунлари президентлик сайловларининг биринчи тури ниҳоясига етди. Унда 9 нафар номзод ғолиблик учун кураш олиб борди. Улар орасида мамлакатнинг амалдаги президенти Милош Земан ҳам бор.

Овоз беришнинг дастлабки босқич натижаларига кўра, Милош Земан 38,57 фоиз овоз билан биринчи, Йирки Драгоша 26, 6 фоизлик натижа билан иккинчи ўринни қайд этишди ва сайловнинг кейинги босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Ҳал қилувчи тур жорий йилнинг 26-27 январь кунлари бўлиб ўтади.

“Демократик блок энди бирлашгач, жаноб Драгошани қўллаб-қувватлаш имкони янада ошади. Мамлакатимиз президентликка сайланиш орқали давлатимиз ташқарисида ва ичида халқ манфаатларини муносиб ҳимоя қила оладиган, ижобий руҳ бағишлашга қодир раҳбарга эҳтиёж сезмоқда”, деди сайловларда 8,8 фоиз овоз тўплаган Гилшер.

Бундан ташқари президентлик сайловларининг биринчи турида мағлуб бўлган дипломат Павел Фишер (сайловларда 10,2 фоиз овоз тўплаган), тадбиркор Михал Горачек (9,1 фоиз) ва собиқ бош вазир Мирек Тополанек (4,3 фоиз)лар ҳам ўз тарафдорларидан кейинги сайловда Йирки Драгоша учун овоз беришларини сўрашмоқда.

Шу каби баёнотларни душанба куни бошқа ўнг қанот партиялари раҳбарлари ҳам қабул қилиши кутилмоқда.

Йирки Драгошанинг сўзларига кўра, Горачек и Гилшернинг сайловолди жамоаси душанба кунидан бошлаб унинг жамоаси билан ҳамкорлик учун бирлашади.

Журналистларнинг фикрича, агар кейинги тур сайловларида мағлуб бўлган ва айни пайтда Драгошани қўллаб-қувватлашга тайёр 4 нафар номзод учун овоз берганларнинг учдан икки қисми Драгоша фойдасига овоз беришса, бу Фанлар академияси собиқ раисининг ғалабасини таъминлаши мумкин.

“Бундай ижобий ҳисоб-китоблар бизга ижобий кайфият бағишлаши мумкин. Аммо сиёсатда математик тусмоллар натижа бермаслигини барчамиз яхши тушунамиз”, дея қайд этган Драгоша журналистлар томонидан илгари сурилган тахминларга муносабат билдирар экан.

Мамлакатнинг амалдаги президенти Милош Земан ўзининг сайловолди компанияси чоғида илк бор номзодлар ўртасида ташкил этиладиган мунозара баҳсларига иштирок этишга розилик берди. Президентлик учун асосий икки номзод ўртасидаги дастлабки телевидение орқали ташкил этиладиган баҳс кейинги ҳафта ўтказилиши режалаштирилган.

 

ЎзА