Президент Шавкат Мирзиёев раислигида кардиология соҳасидаги долзарб вазифалар бўйича видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

Кардиология марказининг вилоят филиалларида кўрсатиладиган хизматлар 15 тадан 35 тагача етказилади.

Мисол учун, Кардиология марказининг Хоразм вилояти филиалига Оролбўйи минтақавий марказ мақоми берилиб, уни жиҳозлашга 20 миллиард сўм ажратилгани ҳисобига, республика даражасида амалга ошириладиган барча амалиётлар вилоятнинг ўзида йўлга қўйилади.

Келгуси йил 1 июлга қадар ушбу амалиёт Наманган, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё ва Жиззахда, йил якунигача Қорақалпоғистон, Андижон, Бухоро, Навоий, Сурхондарё, Фарғона вилоятларида ташкил этилади.

Шунингдек, келгуси йил 1 июнга қадар Кардиология марказининг вилоят филиаллари замонавий ангиограф билан таъминланади.

Президент келгуси йил якунига қадар Нурафшон шаҳрида барпо этилаётган Тиббиёт кластерида Кардиология марказини ташкил қилиш бўйича топшириқ берди.

Бундан буён беморларнинг республика марказларида даволаниши учун берилган барча имтиёзлар (ордер бериш тартиби), уларнинг филиалларига ҳам тўлиқ татбиқ этилади.

Мисол учун, юрак томирларини стентлаш амалиёти ордер асосида республика марказларида бепул бажарилса, вилоят филиалларида ушбу хизматлар бемор томонидан 100 фоиз қоплаб келинмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазири А.Ҳожибоев, Кардиология маркази директори Х.Фозиловга вилоят ҳокимлари билан бирга, икки ой муддатда келгуси икки йилда барча ихтисослашган кардиология хизматларини вилоятгача тушириш бўйича дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

 

ЎзА