Келгуси йил 1 июлга қадар туман, вилоят ва республика даражасида даволанадиган касалликлар рўйхати тузилиб, шу асосда режали даволаш ишлари йўлга қўйилади.

Жумладан, туман шифохоналарига 4 турдаги кардиология ускуналари ўрнатилиб (ЭКГ, ЭхоКГ, холтермонитор ва дефибриллятор), кўрсатиладиган хизматлар 5 тадан 15 тага оширилади.

Шу орқали ҳар бир бемор кардиология хизматларидан 3 миллион сўм иқтисод қилади.

Бунинг учун, қўшимча 60 миллиард сўм йўналтирилади ва келгуси йил 1 июлга қадар мутахассиси мавжуд туманлар 4 турдаги замонавий кардиология ускуналари билан жиҳозланади.

Шунингдек, келаси йил якунига қадар бирламчи бўғин учун зарур кардиология ва лаборатория йўналишлари бўйича 500 нафар мутахассис қайта тайёрланади.

Бунда, бир нафар шифокорни қайта тайёрлаш учун кетадиган харажатнинг ярми республика бюджети, қолган ярми маҳаллий бюджет ҳисобидан қоплаб берилади.

Шунингдек, вилоятлардаги кардиологлар малакасини ошириш учун хорижда тажриба орттирган хусусий сектор мутахассислари жамоаси ҳам фаол жалб қилинади.

Масалан, Акмал Якубов ўз жамоаси билан вилоятда шифокорларни амалиётдан ажралмаган ҳолда, интервенцион кардиология, юрак-томир хирургияси, кардио-реаниматология, аритмология каби замонавий йўналишларга ўқитмоқда.

Президент ҳар бир вилоят ҳокимига йил якунига қадар барча йўналишлар бўйича Акмал Якубовга ўхшаган малакали мутахассисларни олиб келиш бўйича топшириқ берди.

 

ЎзА