Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тиббиёт соҳасидаги долзарб масалалар бўйича видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

Танқидий руҳда ўтаётган йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги қуйи тизимларидаги ҳақиқий аҳволдан бехабарлиги, ҳалигача бу бўғинларда эски кадрлар раҳбарлик курсиларида ўтиргани, тиббиётда одамларни рози қилиш учун аввало аҳолини энг кўп қийнаётган касалликлар бўйича вазиятни яхшилаш кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Ўтказилган хатловлар натижасига кўра, республика бўйича 4 миллионга яқин аҳоли орасида юрак-қон томир касалликлари аниқланган. Бундай касалликларга чалинган аҳоли сони Наманганда – 18 фоиз (450 минг нафар), Фарғонада – 17 фоиз (600 минг), Бухорода – 14 фоиз (230 минг), Қашқадарёда – 13 фоиз (470 минг)ни ташкил этиб, республика кўрсаткичидан юқори.

Тошкент шаҳри, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятларида юрак-қон томир касалликларининг оғир асоратлари қолган ҳудудларга нисбатан баланд.

Кардиология марказининг Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятларидаги филиалларда ангиография ускунаси бўлмагани боис стентлаш амалиёти йўлга қўйилмагани оқибатида, ушбу ҳудудлардан республика марказларига 1,5 минг нафар бемор мурожаат қилган.

Шу боис, вилоят ҳокимлари бугунги ҳисоботида юрак-қон томир касалликларини камайтириш борасида кўриладиган чораларни бирламчи бўғин бўйича алоҳида, вилоят шифохоналари кесимида алоҳида тушунтириб бериши қайд этилди.

ЎзА