Давлатимиз раҳбари ўз нутқи якунида халқимизнинг ҳурмат-эътибори, ўзига билдирилган юксак ишончи учун яна бир бор самимий миннатдорлик билдириб, бундан буён янада катта куч-ғайрат билан меҳнат қилишини таъкидлади.

– Биз ўтган беш йил давомида, ғоят қийин ва мураккаб синовлар даврида катта тажриба орттирдик.

Қанчалик оғир бўлмасин, маррани баланд олиб яшаш ва ишлашга ўргандик. Табиийки, маррани катта олган халқнинг қадамлари ҳам, эришадиган натижалари ҳам салмоқли бўлади.

Миллий ривожланиш йўлида орттирган тажрибамиздан келиб чиқиб, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида барча соҳа ва тармоқлар, минтақа ва ҳудудлар, хусусан, ҳар бир маҳалла бўйича ўз олдимизга янада юксак вазифалар қўймоқдамиз.

Ҳаммамиз кўриб турибмиз – бугун замон жуда тез, мислсиз шиддат билан ўзгармоқда.

Шунинг учун биз ислоҳотларимиз суръатини асло пасайтирмасдан, фақат олдинга боришимиз, ҳар бир соат, ҳар бир кундан унумли фойдаланишимиз керак.

Чунки, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари айтганларидек, “Ким вақтини зое кетказса, вақт унинг душманига айланади”.

Мана шу доно ҳикматни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.

Ушбу ҳаяжонли дақиқаларда бир фикрни алоҳида таъкидлашни истардим: Президент сифатида мен мамлакатимиз тинчлиги, эл-юрт фаровонлиги, Ватан тараққиёти йўлида бутун борлиғимни бағишлаб, халқимга садоқат билан хизмат қилишни ҳаётимнинг маъно-мазмуни деб биламан.

Мен учун бундан бошқа олий мақсад, бахт-саодат йўқ.

Сиз, қадрли ватандошларимнинг чин дилдан қўллаб-қувватлашингиз, нуроний отахон ва онахонларимизнинг дуолари, азиз ёшларимизнинг ишончи менга катта куч-ғайрат беради.

Шу боис сизлар билан, халқимиз билан бирга меҳнат қилишдан ҳеч қачон чарчамайман.

Сўзимнинг якунида қалбимда, юрагимда бўлган эзгу тилакларимни изҳор этиб, айтмоқчиман:

Азиз ва мўътабар Ватанимиз ҳамиша омон бўлсин!

Халқимизнинг бахту иқболини, омадини берсин!

Барчамизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, янги ютуқ ва зафарлар ёр бўлсин!

Улуғ ва пок ниятларимизни амалга оширишда Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин!