Давлатимиз раҳбарининг таъкидлашича, кадрлар давлат хизматига танлов асосида қабул қилинади, улар учун узлуксиз малака ошириш, натижадорликни баҳолаш ва лавозим бўйича кўтарилиш мезонлари белгиланади.

Бундан буён ҳар бир ҳудуд, соҳа ва тармоқ фаолиятига уларда фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари қандай таъминланаётганига қараб баҳо берилади.

– Шу муносабат билан “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган даъватга қўшимча қилиб айтмоқчиман: “Раҳбарлар фақат давлатга эмас, аввало, инсон ва оилага, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилиши керак”.

Шунинг учун ҳар бир мутасадди маҳалла ва туман ҳаётини ипидан игнасигача билиши шарт!

Улуғ аждодларимиз айтганидек, раҳбар халққа юк бўлмаслиги, аксинча, халқнинг юкини елкасига олиши керак.

Агар қайсики раҳбар, даврнинг бу ўткир талабини тушунмаса, уларни энди халқимиз ҳам, ҳаётнинг ўзи ҳам қабул қилмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

ЎзА