Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарининг айни пайтда бўлиб ўтаётган қўшма мажлисидаги нутқида адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш – мамлакатимизда халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарурий шарти эканини таъкидлади.

Ўтган даврда Ўзбекистонда бу борада катта ишлар амалга оширилди.

– Айни вақтда одил судлов тизимининг чинакам мустақиллиги ва очиқлигини таъминлаш, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини такомиллаштириш, адвокатура институтини кучайтириш, ушбу соҳалар фаолиятини рақамлаштириш бўйича олдимизда кўпгина вазифалар турибди.

Келгусида маъмурий судлар фаолиятини халқаро андозалар асосида такомиллаштириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилади.

Суд хусусий мулк ҳимоясида туриб, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини тиклаш орқали ижро идораларини қонун доирасида ишлашга мажбур қиладиган тизимни яратишимиз зарур. Бу эса жамият тараққиётига, биринчи навбатда, унинг иқтисодий равнақига хизмат қилади.

Биз мамлакатимиз ривожини, аҳоли фаровонлигини таъминлашда ҳал қилувчи ўрин эгаллайдиган тадбиркор ва мулкдорлар ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қиламиз.

Бу борада қонун бузилишини мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган фавқулодда ҳолат деб баҳолаймиз.

Шу муносабат билан хусусий мулк устуворлиги қонунларимизда асосий тамойил сифатида белгиланди. Давлат идораси маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқи бузилмаслиги таъминланади, – деди Президент Шавкат Мирзиёев.

ЎзА