Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг Ўзбекистон Республикаси сайланган Президентининг лавозимига киришишига бағишланган қўшма мажлиси давом этмоқда.

Айни пайтда давлатимиз раҳбари маъруза қилмоқда.

–Бўлиб ўтган сайловларда кўп миллатли халқимиз фаол иштирок этиб, ўзининг эркин хоҳиш-иродасини, юксак ҳуқуқий онги ва сиёсий маданиятини яққол намоён этди. Халқимиз билан биргаликда танлаган ва амалга ошираётган ривожланиш йўлимиз нақадар тўғрилигини, сайлов натижалари яна бир бор тасдиқлади. Бу эса, барчамизга янги куч, баланд руҳ ва ишонч бағишлайди,– деди Шавкат Мирзиёев.

– Сайловнинг эркин ва демократик, очиқ ва ошкора, соғлом рақобат ва сиёсий кураш муҳитида ўтганини, халқаро ва хорижий кузатувчилар ҳам эътироф этдилар. Президент сайловида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг узоқ муддатли миссиялари, бутун сайлов жараёнларини бевосита кузатиб борди.

Айниқса, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси ҳамда Парламент Ассамблеяси қаторида биринчи марта Европа парламентидан ҳам кузатувчилар иштирок этди.

Умуман, сайловда 18 та халқаро ташкилот ва 45 та хорижий давлатнинг мингга яқин вакиллари халқаро кузатувчи сифатида қатнашди. Шу билан бирга, 1 минг 700 га яқин маҳаллий ва хорижий журналистлар сайлов жараёнларини бевосита ёритиб борди.

Уларнинг барчаси сайлов миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро тамойиллар асосида, юқори савияда ўтганини, алоҳида қайд этдилар.

Жараённи ЎзАда кузатиб боринг.

ЎзА