Ёзувчи Фармон Тошевнинг “Ҳоким” номли қиссасини ўқиб…

Гапнинг индаллосини айтай. Китобдаги асосий асар “Ҳоким” қиссасини қизиқиб мутоала қилдим. Ўқидиму кўз олдимдан кўп воқеликлар кино лентасидай ўта бошлади. Вилоят ҳокимлиги аппаратида ишлаган кезларим ва ундан кейин ҳам шаҳар ва туманларнинг ўнлаб ташкилий сессияларида иштирок этишимга тўғри келган. Ташкилий сессияларнинг аксариятида ҳокимлар ишдаги жиддий хатолари ва камчиликлари сабаб вазифасидан бўшатилган. Яширмайман, асарни ўқигач улардан айримлари кўз олдимга келди. Баъзиларини асар қаҳрамони Шуҳрат Акрамович Раҳматуллаев тимсолида тасаввур қилдим. Негаки, асар қаҳрамони билан мен билган собиқ ҳокимлар ўртасида ўхшаш жиҳатлар кўп эди. Бундан шундай хулоса чиқадики, асар сюжети ҳаётий воқеалар асосига қурилган. Ҳаммаси атрофимизда, кўз ўнгимизда бўлиб ўтган воқеалар.

Асарнинг бадиийлик даражаси, ифода маҳорати, муаллиф услуби ҳақида батафсил фикр юритиш мақсадим йўқ. Аммо шуни таъкидламоқчиманки, мавзунинг маҳаллий бошқарув ҳокимиятидан танланиши, вакиллик органи ва ижроия ҳокимият фаолиятининг ёритилишини янгилик сифатида эътироф қилиш мумкин. Маҳаллий давлат ҳокимияти тизими, ҳокимлар, уларнинг ниҳоятда серқира фаолияти, масъулият ва жавобгарлик, камчилик ва нуқсонлари ҳақида ҳали тўлақонли бадиий асар яратилганини эшитганим йўқ. Муаллифнинг катта ютуғи бу мавзуга биринчилардан бўлиб қўл ургани ва уни ишонарли тарзда очиб берганида. Бунда муаллиф ҳокимлик тизимига яқин вазифада хизмат қилгани, иш жараёни ҳокимлик фаолияти билан чамбарчас боғланиб кетгани жуда қўл келган бўлса ажаб эмас, деб ўйлайман.

Асар қаҳрамони Шуҳрат Раҳматуллаев туман ҳокими этиб тасдиқлангунча қишлоқ хўжалик бошқармасида турли вазифаларда, туман ҳокимининг ўринбосари сифатида фаол ишлаган, талабчан раҳбар бўлган. Ҳокимликни ҳам яхши бошлаган. Ҳокимлик фаолиятининг илк даврида эл оғзига тушган, ҳурмат эътибор қозонган шахс. Бироқ юқори мартаба, мансаб, кўпчиликка раҳбарлик, катта ваколатлар уни аста-секин эсанкиратиб қўяди. Вақт ўтган сайин салбий томонга ўзгариб боради, одамларни менсимай, қўл остидаги раҳбарларни ҳақоратлашга ўтади. Оворагарчиликларга йўл очади, арз билан келувчиларнинг дардини эшитмайди, оддий кишиларни қабул қилмай қўяди. Лўнда қилиб айтганда “оёғи ердан узилади”.

Шуҳрат Акрамович характеридаги қўполлик, манманлик аломатлари ўз ўринбосари билан муносабатларда аниқ равшан кўзга ташланади. Мана эътибор беринг.

– Шуҳрат Акрамович, мен сизни тушунолмай қолдим. Ҳеч бўлмаганда сиздан беш ёш катталигимни ҳисобга олмасдан кўпчилик олдида сенсираб юбордингиз, тинчликми ўзи?

– Сиз “Нуроний” жамғармаси эмас, ҳокимиятда ишлаяпсиз, окоси. Сенсираш нима бўпти, агар шу объект ўз вақтида ишга туширилмаса, ер билан битта қиламан, билдингизми?!

– Нега ўзингиз қилган хатони менинг гарданимга ташлаяпсиз? Ё гапингиз эсингиздан чиқдими? Мен бунақа муносабатга лойиқ одам эмасман, ўзингизни босиб олинг.

– Ҳозирча ҳоким менман. Кимга қандай муомила қилишни мен белгилайман.

– Шуҳрат Акрамович, ҳокимликка қўйилганингиз ҳаммадан ақллисиз, дегани эмас. Ҳалиям Акрам муаллимнинг ҳурмати учун ўзимни тийдим. Агар фикрингиз шу бўлса, мен бу ҳақда вилоят раҳбарига эртага ахборот бераман.

– Йўқол кўзимдан, менга деса, ундан каттасига бормайсанми?”

Бу сингари муомилалар бора-бора ҳоким учун оддий ҳолга айланиб қолади. Биргина ўринбосари эмас, бошқаларга ҳам шундай оҳангда гапирадиган қилиқ чиқаради. Унинг қўполлиги отасининг қадрдон дўсти Қўшмурод ота билан бўлган муносабатида янада бўртиброқ кўринади. Чол билан мулоқотда одоб доирасидан бутунлай чиқиб кетади. Ҳатто отахоннинг ёшини ҳам унутиб қўяди, ўзидан каттага беписанд қарайди. Уни жуда дағал сўзлар билан ранжитади, хафа қилади.

Қўполлик-ожизлик белгиси, дейишади. Дарҳақиқат, ҳаётда камтарлик ва қўполлик эгизак юради. Гарчи бир бирига зид тушунчалар бўлсада самимий ва дағал муомилаларга доимий равишда дуч келиб турамиз. Эсимизни таниганимиздан бошлаб камтарликка, манман бўлмасликка ўргатишади. Боғчадаям, мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида ҳам. Афсуски гоҳида яхшиликларга етакловчи фаришталар измидан қочиб, шайтоний даъватларга руйхушлик берамиз. Ҳаёт сабоқларидан вақтида керакли хулосаларни чиқариб ололмаймиз. Бундай пайтда кўзни шира босади, яхшию ёмонни ажратолмай қолади киши. Эртани ўйлаб берилган дўстона маслаҳатларга эътибор қилмаймиз, насиҳатгўйларни ёмон кўриб қоламиз. Асар қаҳрамонининг кечмиши ҳам ана шундай тахлитда ривожлана боради.

Ҳоким Шуҳрат Акрамович фожеасининг яна битта, энг муҳим сабабларидан бири Собир Яхшибоев сингари ялтоқ, фақат ўзининг манфаатини ўйлайдиган лаганбардор, муаллиф тили билан айтганда “шайтон”ларни атрофига тўплаганида. Эски таниши бўлган Собирни бошқармага раҳбар қилиб олади. У эса турли хил йўллар билан ишончга кириб раҳбарни ноқонуний йўлларга етаклайди. Ерларни ғайри қонуний тарзда талон-тарож қилиб, ҳокимни порахўрликка ўргатади. Шу тариқа пул, пора виждондан устунлик қила бошлайди. Зукко китобхон асар қаҳрамони характеридаги ўзгаришларни кузатиб бораркан, бундан кўпам ажабланмаслиги эҳтимоли пайдо бўлиши мумкин. Негаки ҳаётда ҳам Собир сингарилар анчагина. Уларга қўлтиғидан жой бериб, воситачи, “ҳожатбарор” қилиб олганлар ҳам топилиб қолади.

Туман ҳокими Шуҳрат Акрамович бирдан таназзулга юз тутган эмас. Аслида унинг характеридаги манфаатпарастлик талабалик йилларида ҳам бўлган. Қишлоқ хўжалик институтида ўқиб юрган кезларида домласининг туғилган кунига деб талабардан йиғилган пулни ортган қисмини ҳеч кимга билдирмагани, обуна масаласи, имтиҳондан ўтолмаган талабаларга ўртакашлик қилиши ва булардан тегишли “улуш” олиши бунинг тасдиғидир.

Турмуш ўртоғи Нигора эрининг мансабидан фойдаланиб, баъзи бир “арзимас” юмушларга бош суқади. Унинг бозорга раҳбар тайинлаш, танишларига ғайри-қонуний ер-жой ажратиш бўйича илтимосларига Шуҳрат Акрамович мойиллик билдиради. У хотинининг бу ҳаракатларига вақтида чек қўйиши мумкин эди. Бироқ унда бунга қатъият етишмайди. Келаётган долларлар олдида ожиз қолади. Гуёки ҳеч ким сезмаяптику деган хаёлга бориб, оилавий порахўрликни содир этади.

Шуҳрат Акрамовичнинг ҳокимлик фаолиятида унинг ҳарактерига хос яна бир салбий жиҳат яққол кўриниб туради. Яъни унда ҳадик кучли, лавозимдан кетиб қолишдан қўрқиб яшайди. Айниқса ўринбосаридан доимий равишда шубҳаланиб юради. Буни ўрнимга тайёрлашаяпти, деган беҳуда ўйлар билан ҳаловатини йўқотади. Ҳасад туфайли ўринбосарига йўл бермасликка, уни зимдан “ўстирмасликка” ҳаракат қилади. Охир оқибатда вазифадан кетишини ҳам ўринбосаридан кўради.

Муаллиф асар қаҳрамонинг бепарволикка берилгани, лоқайдлик гирдобига тушиб қолганини ҳам ишонарли тарзда баён қилган. Туман ҳокимияти биносидаги аҳвол, хоналарнинг кўримсизлиги, фойдаланадиган жиҳозларнинг тамоман эскириб кетгани, ходимлар ишлаши учун етарли шароитлар яратилмагани фикримизнинг тасдиғидир. Асар қаҳрамонининг аҳоли назаридан қола бошлашига бу каби омиллар ҳам сезиларли таъсир ўтказади.

Хуллас, Шуҳрат Акрамовичнинг раҳбарлик фаолиятидаги камчиликларга, қусурларга вилоят ҳокимлиги томонидан тегишли баҳо берилади. Вилоят ҳокимлиги аҳволни ўрганиб кўргач, уни вазифасидан бўшатишни лозим топади. Ташкилий сессиядан сўнг Шуҳрат Акрамович қаттиқ ўйга ботади, тушкунликка тушади, пушаймонлик келтиради. Лекин энди булардан фойда йўқ, ғишт қолипдан кўчиб бўлганди. Энг ёмони, олти йил туманга биринчи раҳбар бўлиб, пировардида ўзидан яхши ном қолдирмайди.

Холбуки, яхши раҳбарни, жумладан яхши ҳокимни халқ доимо фахр билан эслайди. Қилган ибратли ишларини мамнуният ила хотирлайди. Кўп йиллар Ургут туман “Маҳалла” жамғармаси раиси вазифасида фаолият кўрсатган Олим ака Ҳошимов 1999-2004 йилларда Ургут туманига ҳокимлик қилган Холмуҳаммад Нуруллаев ҳақида мамнуният билан гапирди. “Жуда самимий, ишчан, ўта маданиятли, ҳалол раҳбар эди. Бировни сўкканини, ҳақоратлаганини эшитмадик. Туман раҳбарларидан бирортасига қаттиқроқ гапириб қўйса кейин ўзи ҳам бундан хижолат чекарди. Шу боисданми одамлар, халқ жуда яхши кўрарди, ҳурмат, обрў, эътибор кўрсатарди. Яна бир ибратли томони кўп китоб ўқирди”.

Дарҳақиқат, Холмуҳаммад Нуруллаевнинг ҳаёти ва фаолияти менга яхши таниш. У киши билан “Жиззах ҳақиқати”, “Зарафшон” газеталарида, вилоят ҳокимлиги аппаратида бирга ишлаганман. Вилоят ҳокимилиги ташкилий ишлар ва кадрлар бўлими мудири, “Зарафшон” газетаси бош муҳаррири, вилоят ҳокимининг ўринбосари ва ниҳоят Ургут туманига ҳокимлик вазифаларига ўтиши ҳам, бу лавозимлардаги фаолияти ҳам шаффоф бўлган. Афсус, бевақт ўлим у кишини орамиздан анча барвақт олиб кетди. Аммо ургутликларнинг аксарият кўпчилиги Холмуҳаммад Нуруллаевни ҳамон яхши хотиралар билан эслашади. Зеро, ўзидан кейин яхши ном қолдириш инсонннинг яхши хислатларини белгилайди.

Ҳокимлик иш фаолиятида йиғилишлар турли хил мажлислар муҳим ўрин тутади. Табиийки аксарият мажлисларда ҳокимнинг ўзи раислик қилади ёки маъруза билан чиқиш қилади. Ҳар иккала ҳолатда ҳам ҳоким сўзининг салмоғи бўлиши лозим. Негаки, йиғилишга келган ҳар бир киши ҳокимнинг сўзини диққат билан эшитади ва хулоса чиқаради. Ҳокимнинг оғзидан чиқаётган ҳар бир калом унинг маънавияти, раҳбарлик салоҳияти, одамларни сафарбар этиш қобилияти, дунёқараши, қуббаи-ҳофизаси даражасини англатиб туради. Ҳозир одамлар содда эмас, дарров хулоса чиқариб олади. Хулоса эса кўп нарсани белгилайди. Жумладан, раҳбарни ҳурматлаш ёки беобрўлик шундан бошланади. Демак, ҳар бир йиғилиш ёки мажлисга ҳоким алоҳида тайёргарлик кўриши, айтмоқчи бўлган гапларини кўнглидан ўтказиб олиши керак.

Йиғилиш кун тартибига қўйилган масала юзаки тайёрланса, мажлис номигагина ўтказилаётган бўлса, ёки ходимларнинг нўноқлиги туфайли масала пала-партиш олиб чиқилса, бу ҳам биринчи навбатда ҳокимнинг обрўсига путур етказади. Йиғилишга келган киши масала моҳиятини тушунмасдан, нега келганини билмай чиқиб кетса маънисизлик юзага келади. Вақтни беҳуда ўтказиш, совуриш бу – кечириб бўлмас хатолик. Афсуски, асардаги Шуҳрат Акрамович одамларнинг вақти билан ҳисоблашмайди, қабулига келувчи оддий фуқаро гуёки ҳеч ким эмас. Ўзини ва ўзгани қадрлаган киши вақтни ҳам қадрлайди. Ўзбекона бир мақол бор.

1995-1998 йилларда Самарқанд вилоятига ҳокимлик қилган Алишер Мардиевга хос ибратли одатни шу ўринда эслаб ўтишни жоиз деб билдим. У киши вилоят ҳокими сифатида ўзи қатнашаётган мажлисларга тайёргарлик масаласига алоҳида эътибор билан қарар эди. Айниқса маърузасига қўядиган талаби ниҳоятда юқори бўларди. Маърузада қайд этиладиган ҳар бир масала, муаммо, унинг ечими бўйича вазифалар вилоят ҳокимлиги аппарати ходимлари, соҳанинг мутахассислари иштирокида кўриб чиқилиб, қоғозга тушириларди. Шундан кейин А.Мардиев маърузани ҳоким назари билан қайта-қайта кўриб чиқар ва жуда кўп қўшимчалар киритар, гоҳида бутун бошли маъруза батамом бошқатдан тайёрланар эди. Маърузанинг пишиқ ва пухталиги ҳоким сўзининг қадрини баландлатиб, иш самарадорлигини оширишга хизмат қилар, иштирокчилар ўзига қаратилган йўналишлар бўйича аниқ вазифаларни олиб чиқишар эди.

Яқинда шаҳардаги Концерт залида Самарқанд шаҳар ҳокими чақирган йиғилишда иштирок этдим. Кун тартибига қўйилган масала муҳокамаси жараёнида йиғилишга таклиф қилинган айрим раҳбарларнинг келмаганлиги маълум бўлиб қолди. Шунда шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов йиғилиш иштирокчиларига қарата шундай деди: “Самарқанд табаррук жой, бу ерда кўп улуғ авлиёлар ўтган. Менинг назаримда Самарқанд шаҳар ҳокимига қўполлик, ҳақорат қилиш ярашмайди. Келинглар, ўзаро ҳурматимизни сақлайлик, барча масалаларни самимийлик билан, яхши муомила билан ҳал қилайлик”.

Шу ўринда айрим мулоҳазалар бўлиши ҳам табиий. Ҳоким бир киши. Турли буғиндаги раҳбарлар эса кўп. Гоҳида ҳоким ғазаб отига миниб олишида кичик раҳбарларнинг ҳам айби бор. Буни инкор қилиб бўлмайди. Топшириқни вақтида уддалай олмайдиган, йиғилишларга сабабсиз келмай қоладиган ёки манфаат ортидан қувиб, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган қуйи раҳбарлар йўқ дейсизми? Бундайлар барчанинг, жумладан ҳокимнинг ҳам асабига тегиши, жаҳлини чиқариши бор гап. Бироқ ҳокимлик маънавияти ва маданияти бундай пайтларда ҳам оқиллик билан иш кўришни тақозо қилади, дейишади донолар. “Вақт – пул” деган машҳур ҳикматнинг муаллифи, америкалик файласуф олим, сиёсатчи Бенжамин Франклик “Агар сен ақл-заковатга қулоқ тутмасанг, у албатта қасос олади” деганида минг бор ҳақ.

Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда ҳокимлар ҳақида чиқаётган хабарларни ўқиб ёки эшитиб киши ҳайрон қолади, беихтиёр ёқа ушлайди. Нега айрим ҳокимлар шу даражада қўполликка боришмоқда? Бу камчиликми, қусурми? Ёки ўтакетган манманликми, зўравонликми, маданиятсизликми? Бу билан ҳоким нимага эришади? Дағдаға, дўқ, пуписа билан қўрқитиб, ҳаммани измига бўйсиндирмоқчи бўладими? Шундай ўйлаган ҳокимлар чучварани хом санаб, охир-оқибатда уялиб қолишаётгани бор ҳақиқат-ку. Қўполлик ҳеч бир вақт раҳбарга обрў келтирганми? Аксинча бундай ҳатти – ҳаракат билан фақат обрў тўкилган, ҳурмат йўқотилган. Аянчли жиҳати шундаки “Ҳоким”даги ҳоким бу оддий ҳақиқатни тушунишни истамайди.

Сир эмас, ҳокимларнинг иши ҳам ҳамиша силлиқ кетавермайди. Гоҳида ҳоким ҳам ожиз ва ҳимояга муҳтож бўлиб қолган дамлар учрайди. Кўп йиллар илгари туманлардан бирининг ҳокими (Ҳозир бу киши маҳаллалардан бирига раислик қилмоқда) вилоят ҳокимиятига келиб шундай деганди: “Туман прокуратурсининг ёш терговчиси бир иш бўйича дам-бадам мени прокуратурага чақиряпти, нима қилай? Борадиган бўлсам ҳокимлик обрўим қаерда қолади? Арзимас важлар билан туман прокуратураси қарорларимдан иккитасига протест киритиб, бекор қилди.” Ўша пайтда бу ҳокимнинг аҳволидан ачинган эдим. Тўғри, бу ўринда мен собиқ ҳокимни тамоман ёқламоқчи эмасман. Қонун ҳаммага баробар. Демократик давлатнинг талаби шундай. Қонун барчасидан устувор. Аммо бир нарсани унутмаслик керак, онда-сонда бўлсада туман ёки шаҳарларда “ҳокимдан мен зўрман” деб ҳокимга буйсунмай қўйган, ишига халақит берадиган “ҳуқуқшунослар” ҳам афсуски бор эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг ўтган йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган Мурожаати бу каби салбий ҳолатларга чек қўядиган бўлди. Мамлакатимиз раҳбари бу мурожаатда “Давлат хизмати тўғрисида”ги, “Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тўғрисида”ги қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вазифасини қўйди. Ҳокимларни ҳимоя қилиш, фаолиятларини тўлақонли равишда амалга оширишларида уларга кўмаклашиш йўналишларини белгилаб берди. Бундан ташқари давлат бошқарувининг ҳаддан ташқари марказлашувидан воз кечиш, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимларига кўплаб ваколатларнинг ўтказилиши ҳақида тўхталиб ўтди. Демак, булар ҳам ҳокимларнинг мавқеини ва масъулиятини янада оширади, албатта.

Асарнинг ғоясига сингган бир ҳақиқат бор. Ҳоким бўлдинг, дегани сен ҳаммадан зўрсан, дегани эмас. Ҳокимнинг кучини, зўрлигини кўрсатувчи омиллардан бири муаммоли масалаларни маслаҳатлашиб, одилона ҳал қилишида. Бугунги кунда ўз фаолиятини оқсоқоллар, нуронийлар, тажрибали мутахассислар билан маслаҳатлашиб олиб бораётган ҳокимлар кўпчилик. Бироқ, асар қаҳрамони Шуҳрат Акрамович бу йўлни танламайди. У ҳатто падари бузруквори, тажрибали муаллим Акрам отанинг ўгитларига ҳам қулоқ тутмайди. “Кўчанинг гапи билан менга насиҳат қиляпсизми”, деб отанинг дил сўзларига, йўл-йуриқларига иддао келтиради. Ўғлининг феълини тушунган Акрам муаллим насиҳатларини қоғозга тушириб васият қолдиради. Ушбу васият асарнинг “Хотима” қисмида берилган. Мазкур қисм ихчамгина. Аммо унинг аҳамияти асарнинг қадрини бир неча ҳисса оширган, десак муболаға бўлмайди. Негаки, унда узоқ йиллар муаллимлик қилган кишининг ҳаёт тажрибаларидан олган ибратомуз хулосалари, турмуш чорраҳаларидаги турфа хил синовлардан ҳосил бўлган сабоқлар, кишини инсофу диёнатга, ҳалоллик ва покизаликка, тўғрилик ва адолатга, қисқаси яхши инсоний фазилатларга етакловчи ҳикматлар акс этган. “Хотима” шу жиҳатлари билан эътирофга лойиқ. Бу ҳар бир кишини у ҳоким бўладими, раҳбар бўладими ёки оддий китобхонми мулоҳазага, хулоса чиқариб олишга ундайди.

Амрилло Аҳмедов, 
Ўзбекистон Журналистлар 
ижодий уюшмаси аъзоси.

 

ЎзА