Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолини сифатли уй-жой билан таъминлаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини пухта тайёргарлик кўрган ҳолда бошлаш масаласига бағишланган видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

Йиғилишда янги уй-жой массивлари нархини бу йилги даражада ушлаб қолиш зарурлиги қайд этилди.

Бугунги кунда уйларнинг бир квадрат метри учун нарх 4,5 миллион сўмни ташкил этмоқда. Шу боис уйлар нархини барқарор сақлаб туриш мақсадида янги уй-жой массивларини ички ва ташқи инфратузилма билан таъминлашга бюджетдан ҳар йили 1 триллион сўм ажратилиши маълум қилинди.

Тадбиркорлик жамғармаси томонидан қурувчиларга Марказий банк ставкасидан ошган қисми 24 ой давомида қоплаб берилади. Бу мақсадлар учун бюджетдан 1 триллион сўм йўналтирилади.

–Шунингдек, келгуси йили янги массивларда қурилаётган уйларнинг 1 мингтаси эҳтиёжманд оилалар ва ёлғиз аёллар учун давлат томонидан кафолатли сотиб олинади. Бунинг учун 220 миллиард сўм маблағ қурилиш ташкилотларига олдиндан ўтказиб берилади. Бундан ташқари, цемент импорти учун имтиёзлар муддати яна бир йилга узайтирилади, – деди Шавкат Мирзиёев. – Булар ҳам уйларнинг нархини сезиларли туширишга олиб келади.

Мутасаддиларга бир ой муддатда янги уй-жой массивларидаги ертўлаларни фойдали майдон сифатида ишлатиш бўйича таклиф киритиш топшириғи берилди. Шунинг учун, вилоят ҳокимлари берилаётган имкониятлар ҳисобига уй-жой нархларини камида 30 фоизга арзонлаштириш бўйича масъул бўлади ва айнан шу масалада бугун ҳисобот беради.

Масъулларга икки ҳафта муддатда “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этиш бўйича қарор лойиҳасини киритиб, келгуси йил бошидан қурилиш ишларини бошлаш вазифаси юклатилди.

 

ЎзА