Фармон ва ижро

Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейида “Миллий сувенирлар” фестивали бўлиб ўтди.

Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги ташаббуси билан илк бор ташкил этилган ушбу фестивалдан кўзланган мақсад мамлакатимизда ички ва ташқи туризмни ривожлантириш, юртимиз фуқаролари ва хорижлик сайёҳлар ўртасида маданий-тарихий меросимизни кенг тарғиб қилиш, Ўзбекистоннинг саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз манзил сифатидаги имижини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга муносиб ҳисса қўшишдир.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ушбу фестиваль ўтказилди, – деди Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати раҳбари Моҳинур Имомова.

– Мақсад – мамлакатимиз туризм салоҳиятини юксалтириш. Шу билан бирга, фестиваль иштирокчилари томонидан яратилган миллий сувенирлар савдосини йўлга қўйиш орқали республикамиз музейлари ва маданий мерос объектларини тўғридан-тўғри тарғиб қилишга имкон яратилади.

Бу эса ҳудудларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳунармандлар бандлигини таъминлаш, уларни ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Фестиваль нафақат пойтахтимизда, балки мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам бўлиб ўтди.

Тошкентлик ҳунарманд Умид Йўлдошев ҳам “Миллий сувенирлар” фестивали иштирокчиси.

– Салкам 25 йилдан буён ҳунармандчилик билан шуғулланаман, –деди у. – Авваллари тери ошлаганман. Ҳозирги кунда эса шогирдлар билан бирга тери маҳсулотларидан турли буюмлар ишлаб чиқаряпмиз. Маҳсулотларимизни кўргазмаларда доимий равишда намойиш қилиб борамиз. Бугун ҳам ушбу фестивалда қатнашдик. Бу биз учун ҳар томонлама фойдалидир.

Фестиваль доирасида ҳунармандларнинг кўргазма-савдоси, кўрик-танловлар ва маҳорат дарслари ҳам ўтказилди. Фольклор-этнографик гуруҳларнинг чиқишлари эса иштирокчиларга хуш кайфият улашди.

– Ҳунарманд бўлганим учун бу каби тадбирларда қатнашиш қизиқарли. Куй-қўшиқлар, ҳунармандлар билан мулоқотда бўлиш – ҳамма-ҳаммаси ижодкорга илҳом бахш этади. Айниқса, ранг-баранг ижод намуналарини кўриб, кўнгил яйрайди. Ўзим ҳам расман рўйхатдан ўтиб, саккиз йилдан буён турли металлардан уй-рўзғор буюмлари ва совғабоп маҳсулотлар тайёрлайман. Ҳунарим ўзимга ёқади ва доимо изланаман, – деди ҳунарманд Анатолий Бабаханян.

 

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири