Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Мурат Камалов АҚШнинг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюмни қабул қилди.

Учрашувда Жўқорғи Кенгес Раиси М.Камалов меҳмонни Оролбӯйига ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон ва АҚШ давлатлари ўртасидаги стратегик шериклик ва ўзаро дипломатик алоқалар савдо-иқтисодий, ижтимоий ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилиб, бу борада амалга оширилаётган лойиҳалар ўзининг ижобий натижаларини бераётганини таъкидлади.

Ўз навбатида АҚШнинг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм самимий қабул учун миннатдорчилик изҳор қилди. Президентимиз раҳбарлигида юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, Қорақалпоғистон Республикасидаги улкан ўзгариш ва янгиланишларга юксак баҳо берди.

Қабулда келажакда ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича ўзаро фикр алмашилди.

Маълумот учун, Дэниел Розенблюм ташриф давомида И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи, Миздаҳқан тарихий ёдгорлиги, таълим ва тиббиёт муассасалари билан танишуви, Орол денгизига саёҳати режалаштирилган.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА