Келаси йилдан экинларни жойлаштириш тартиби сақланган ҳолда ғаллачилик кластерлари ва фермерларга етиштирган буғдойни бозор нархида тўлиқ эркин сотиш ҳуқуқи берилади.

Бунда ҳар бир ғаллачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари 3 йил давомида ҳар йилги ҳосилдан гектарига 2,5 тонна ғаллани биржа савдоларига эркин нархларда чиқаради. Қолган ҳосилни эса тўғридан-тўғри сотиш ҳуқуқи берилади.

Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан ғалла етиштиришни имтиёзли кредитлаш тартиби келгуси 3 йилда сақлаб қолинади ва бунга йилига 5 триллион сўм йўналтирилади.

Жамғарма 2,5 миллион тонна ғаллани биржадан бозор нархларида давлат захираси учун сотиб олади.

Сотиб олинган захира ғалла донни сақлаш қувватлари мавжуд ғаллачилик кластерларига танлов асосида сақлаш учун жойлаштирилади.

Шунингдек, “Ўздонмаҳсулот” таркибидаги донни қайта ишлаш корхоналари негизида ғалла кластерлари ташкил этиш учун улар очиқ савдоларга чиқарилади.

– Қайси пахта-тўқимачилик кластерлари янги технологиялар олиб кириб, ғаллачилик йўналишида ҳам ишлаш истагини билдирса биз бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлаймиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

ЎзА