Нукус шаҳридаги Абу али ибн Сино номидаги саломатлик техникуми мажлислар залида Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ишончли вакилининг сайловчилар билан учрашуви бӯлиб ӯтди.

Тадбирда номзоднинг ишончли вакили, партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Халилла Ешимбетов иштирокчиларни номзоднинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан таништирди.

Таъкидланганидек, номзоднинг сайловолди дастурида белгилаб берилган мамлакатда ижтимоий тенгсизликнинг барча кўринишларига барҳам бериш, пенсия ҳисоблаш тартибини такомиллаштириш, аёлларнинг бола парваришидаги даврини иш стажига қўшиб ҳисоблаш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга нафақа тайинлаш, “Меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш зарурати асослаб берилди.

Шунингдек, оғир ижтимоий аҳволдаги оилаларни ижтимоий турар жойлар билан таъминлаш, аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ тизимини жорий этиш, асосий озиқ-овқат нархларини шакллантириш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини қатъий ўрнатиш, қишлоқ туманларига саноатни олиб кириш сайловолди дастуридаги асосий йўналишлардан эканлиги таъкидланди.

Президентликка номзоднинг ишончли вакили билан учрашувлар жойларда давом этмоқда.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА