Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашуви давом этмоқда.

Тошкент шаҳрида коммунал соҳани ривожлантириш борасида ҳам бир қатор йирик лойиҳалар амалга оширилиши маълум қилинди.

–Хабарингиз бор, жорий йилда кўп қаватли уйларга бошқарув-сервис компанияларини жалб қилишни бошладик. Бу янги тажриба Юнусобод туманида ўз самарасини берди. Энди келгуси беш йилда барча кўп қаватли уйлар, туташ ҳудудларда жойлашган ижтимоий объектларга шартнома асосида хусусий бошқарув компаниялари хизмат кўрсатади. Ички ҳудудларни ободонлаштириш ҳам ушбу компанияларга юклатилади. Бунда хизматлар нархи ошиб кетмаслиги, аҳолига ортиқча юк туширмаслик мақсадида ободонлаштириш билан боғлиқ харажатлар бюджетдан қоплаб берилади,– деди Шавкат Мирзиёев.

Тошкент шаҳрининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш лойиҳасига, умумий қиймати 185 миллион евро миқдорида инвестиция йўналтирилади. Буларнинг ҳисобидан Тошкент шаҳрида марказлашган ичимлик суви қамрови ҳозирги 95 фоиздан 100 фоизга етказилади.

“Салар” ва “Бектемир” оқова сув иншоотларини шаҳар ҳудудидан чиқарган ҳолда суткалик қуввати 1 миллион куб метр бўлган замонавий оқова сув тозалаш иншооти қурилади.

Шунингдек, 37 миллион доллар инвестиция ҳисобидан “Бўзсув” ва “Қодирия” ичимлик ва оқова сув иншоотлари замонавий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланади.

Бундан ташқари, шаҳардаги ёмғир сувлари ва дренаж тармоқларини қайта тиклаш дастури қабул қилинади. Барча “яшил ҳудудлар” шу манбалар ҳисобидан суғорилади.

 

ЎзА