Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашуви давом этмоқда.

–Тошкентда ҳавода чанг миқдори белгиланган меъёрлардан 2 баробар кўп. Шу боис қурилиш майдонларида чангни бостирувчи замонавий усуллар ва технологиялар кенг жорий қилиниши зарур. Энди шаҳарда “яшил ҳудуд”ларни кўпайтириш устувор вазифаларимиздан бири бўлиб қолади,– деди Шавкат Мирзиёев.

Келгуси йилда ҳар бир туманда сайилгоҳ ҳамда шаҳар бўйича 25 та “яшил ҳудуд” ва аллеялар ташкил этилади.Шаҳар ҳудудидан оқиб ўтувчи 28 та каналнинг 111 километр қирғоқлари мустаҳкамланади ва сайилгоҳлар ташкил этилади. Шунингдек, пойтахтнинг 60 километр канал бўйлари, 250 километр пиёда йўлаклари атрофига манзарали дарахтлар экилади.

Тошкент катта ҳалқа йўлининг атрофида манзарали дарахтлар экилиб, ихотазорлар ташкил этиш орқали “яшил белбоғ” яратилади ҳамда пиёда ва велойўлаклар ташкил этилади.

Чирчиқ дарёсининг шаҳардан ўтувчи 16 километр қисмини ободонлаштириш ҳисобига, 306 гектар майдонда рекреацион зона, пиёда йўлаклари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини қамраб олган “Дарё бўйи” мажмуаси барпо этилади.

Натижада шаҳардаги “яшил майдонлар” улуши ҳозирги 16 фоиздан, 30 фоизга етказилади.

ЎзА