Қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашувда Президентликка номзод Мақсуда Ворисова нархларни шакллантириш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини қатъий ўрнатиш, уй-жой ва коммунал хизматларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш, аҳолининг барча қатламларига юқори сифатли ва тўлақонли тиббий ёрдам кўрсатиш масаласига алоҳида тӯхталди.

Шу мақсадда ривожланган мамлакатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, кам даромадли оилалар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига кундалик эҳтиёждаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва товарларни арзон нархларда сотадиган ижтимоий дўконлар тармоғини яратиш бўйича хайрия фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш зарур.

Шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар, ногирон фарзандларни тарбиялаётган ота-оналар, оғир ижтимоий аҳволга тушган аёллар учун арзон уй-жойлар қурилишини янада кенгайтиришга эришиш режалаштирилган.

Бунинг учун коммунал хизматлар тарифларини тартибга солиш асослари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, ўрта муддатли истиқболда шаҳарлар ва қишлоқ аҳоли пунктларида аҳолини арзон электр-энергия, иссиқлик ва иссиқ сув тизими билан таъминлаш бўйича ҳудудий инвестиция, жумладан, жойларда давлат-хусусий шериклик тартибидаги дастурларни амалга ошириш керак.

Бирламчи тиббий ёрдам сифати, айниқса, кам таъминланган аҳолига малакали бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш тармоғини ривожлантиришда мулкчилик шаклидан ва молиялаштириш манбаларидан қатъий назар, барча тиббиёт муассасаларида бепул тақдим этиладиган, давлат томонидан кафолатланган мажбурий тиббий хизматлар рўйхатини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш устувор йўналиш ҳисобланади.

Бу эса, аҳолини, жумладан, кам таъминланган оилаларни, ногиронлиги бўлган шахсларни, бошқа ижтимоий-демографик заиф гуруҳларни ҳар йили бепул кўрикдан ўтказишни ташкил этиш, аҳолининг алоҳида тоифалари, жумладан, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахсларга тақдим этиладиган дори воситалари, медикаментлар, протезлаш воситалари ва бошқа тиббий-ижтимоий хизматларни бепул тақдим этиш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА