Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳридаги “Турон” ўйингоҳида регби-7 бўйича аёллар ва эркаклар жамоалари ўртасида ўтказилган Ўзбекистон кубоги ва чемпионати баҳслари якунланди.
Муросасиз беллашувлар натижасига кўра, кубок мусобақасида 1-ўринни аёллар жамоалари ўртасида мезбонлар, эркаклар жамоалари орасида эса Тошкент шаҳри эгаллади.
Ўзбекистон чемпионатида мезбон Қорақалпоғистон қизлари 1-ўринга мушарраф бўлди. 2- ва 3- ўринларни Навоий ва Тошкентнинг “Университет” жамоалари қўлга киритди.
Эркаклар жамоалари ўртасидаги баҳсларда эса пойтахтнинг “Университет”чилари ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган бўлса, улардан кейинги поғоналардан Қорақалпоғистон ва Хоразм вакиллари жой олишди.
Чемпионат якунларига кўра, мусобақаларда муносиб қатнашган Қорақалпоғистон, Навоий, Тошкент, Хоразм вилоятлари жамоаларнинг иқтидорли спортчилари орасидан сараланган ёшлар мамлакатимиз шарафини халқаро мусобақаларда ҳимоя қиладиган аёллар ва эркаклар терма жамоаси шакллантирилади.
Т. Рўзиев, ЎзА