Президент Шавкат Мирзиёев XVI Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари билан учрашувда миллий паралимпия ҳаракатини ривожлантириш учун қатор ташаббусларни илгари сурди.

Жумладан, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси қошида Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институти фаолиятини ташкил этиш таклифини билдирди.

Пара-спортчиларни мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтказиш, жисмоний ва руҳий тайёргарлигини ошириш мақсадида уларни Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказига бириктириш таъкидланди. Шунингдек, улар махсус дори-дармон ҳамда халқ табобати воситалари билан таъминлаш вазифаси қўйилди.

Туризм ва спорт вазири, вилоят ҳокимларига қишки спорт турларини ҳам ривожлантириш мақсадида паралимпия қишки спорт турлари бўйича келгуси йилларда халқаро мусобақаларда спортчиларимизнинг иштирокини таъминлаш бўйича топшириқ берилди.

Бунинг учун “Амирсой” тоғ-чанғи спорт мажмуаси ҳамда “Ҳумо-Арена” муз саройи базаларида паралимпиячилар учун шароит яратилади.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитасининг пара-спорт бўйича юқори натижаларга эришган спортчи ва мураббийларни кенг жалб этган ҳолда, қўмита таркибида “Матонат мактаби”ни ташкил этишни таклиф этди.

– Ўзининг юксак иродаси ва матонатини намойиш этиб келаётган сизлар каби ёшларимиз бу мактабнинг етакчи вакиллари сифатида фаолият олиб борса, айни муддао бўларди. Афсуски, ҳозирги вақтда ёшлар орасида ҳаётда озгина тўсиқ ёки қийинчиликка учраса, ўзини йўқотиб, умидсизликка тушиб қоладиган, ножўя йўлларга кириб кетадиган йигит-қизлар ҳам йўқ эмас.

Сизлар таълим масканларида, меҳнат жамоаларида, айниқса, маҳаллаларда ёшлар билан учрашиб, ўз ҳаётингиз, машаққатли йўлларингиз, қийинчиликларни қандай енгиб ўтаётганингиз ҳақида сўзлаб берсангиз, улар албатта, сизларга эргашади, – деди Президент.

Давлатимиз раҳбари тақдир синовларига мардона бардош бериб, сабр-тоқат ва шукроналик руҳи билан, ҳаётда ўз муносиб ўрнини топиб яшаётганларининг ўзи катта жасорат ва қаҳрамонлик намунаси эканини таъкидлади.

– Бу – ҳаёт. Турмушда ҳар хил мураккабликлар бўлади. Ҳар бир инсон ҳаётда ўз ўрнини топишга ҳақли. Яхшиси ҳам, ёмони ҳам менинг болаларим, эртага уларга мен жавобгарман, – деди Шавкат Мирзиёев.

Жисмоний имконияти чекланган бўлса-да, илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳасидаги катта ютуқлари билан намуна бўлиб келаётган замондошларимиз ҳақида публицистик асарлар, кўрсатув ва эшиттиришлар, ижтимоий роликлар, ҳужжатли ва бадиий фильмлар яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

 

ЎзА