Қарор ва ижро

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги 75-сессиясида «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида»ги махсус резолюцияси ва унда белгиланган устувор вазифаларнинг амалий ижросини таъминлаш мақсадида, жорий йил 29 июлдаги «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида»ги махсус резолюциясини амалга ошириш чоралари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Бу Орол денгизининг қуриши билан атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигига салбий оқибатларга қарши  курашиш, юзага келган муаммоларни бартараф этиш, минтақада яшовчи аҳоли бандлигини таъминлаш орқали уларнинг турмуш шароити яхшиланишида муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Мазкур резолюциянинг аҳамияти, унинг ижросини таъминлаш юзасидан долзарб вазифалар ва келгусида режалар тўғрисида ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази директори Нурлибек МИРЗАМУРАТОВ билан суҳбатлашди.

– Суҳбатимизни мазкур резолюция ва давлатимиз раҳбари қарорининг аҳамияти билан бошласак.

– Махсус резолюция бизга Орол фожиасига қарши курашиш учун нафақат Орол денгизи ҳавзаси давлатлари, балки бутун дунё мамлакатларининг диққати ва кучларини бирлаштириш имконини беради, – дейди Нурлибек Мирзамуратов. – Қарорнинг мазмун моҳияти шундан иборатки, Орол фожиаси салбий оқибатларини камайтириш ва бартараф этиш учун биз қарашларимизни тубдан ўзгартиришимиз, эски усуллардан воз кечиб, янги инновацион ёндашувларни, экологик инқирознинг салбий оқибатларини камайтиришнинг янги механизмларини жорий этишимиз лозим. Инновацияларни жорий этиш бизга, Оролбўйига инвестицияларни жалб қилиш ва Орол денгизи инқирозининг оқибатларини бартараф этиш, Оролбўйи минтақасидаги экологик вазиятни барқарорлаштириш, чўлланиш ва экологик миграцияни олдини олиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш, экотуризмни ривожлантириш ва бошқа тадбирларни амалга оширишга кенг имкониятларни очиб беради. Давлатимиз раҳбарининг қарорида эса, Оролбўйи минтақасида кўпгина ижобий ишларни амалга ошириш, инновацион ёндошувларни ва ишланмаларни жорий этиш назарда тутилган.

– Мазкур қарорнинг ижросини таъмишлаш бўйича вазифаларга тўхталиб ўтсангиз?

– Ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказига бир қатор долзарб вазифалар юклатилди. Жумладан, марказ ҳузурида ўсимликлар уруғлари генбанки билан таъминланган лаборатория, бизнес-акселератор ўқув маркази очилишини таъминлаш, Мўйноқ туманида амалга оширилаётган «My garden in the Aral sea» лойиҳасини кенгайтириш, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Оролбўйи халқаро инновация маркази ҳамкорликда 2021 йил ноябрь ойида Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш масалаларига бағишланган халқаро конференцияни ташкил қилиш ва ўтказиш белгиланган. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида тупроқостидан суғориш янги инновацион тизимини, «Оролбўйини ривожлантириш буйича энг илғор инновация ва технологияни жорий этгани учун» махсус номинациясини жорий этиш, марказнинг Нукус туманидаги «Саманбай» илмий-ишлаб чиқариш участкасида қурғоқчилик ва шўрланишга чидамли ўсимликлар бўйича тажриба майдони ва лаборатория ишларини ташкил этиш каби вазифалар белгилаб берилди.

– Орол денгизи минтақасидаги экологик инқироз оқибатларини юмшатиш борасида марказ томонидан амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги янги лойиҳалар тўғрисида маълумот берсангиз…

– Илмий тадқиқотлар олиб бориш ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қатор халқаро, маҳаллий ташкилотлар ва илмий-тадқиқот институтлари билан дўстона шериклик алоқалари ўрнатилган бўлиб, 40 дан ортиқ хорижий ва маҳаллий ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Нукус тумани ҳудудидан идора, лаборатория, замонавий меҳмонхона қурилиши ва илмий-тадқиқот тажрибаларини олиб бориш мақсадида доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан 24,34 га ер майдони ажратиб берилди. Ҳозирги кунда ушбу Саманбай участкасида ҳудуд иқлимига мослашган 51 хилдаги 53 минг дона дарахт кўчати парвариш қилиниб, синовдан ўтказилмоқда.

ICBA халқаро маркази лойиҳаси доирасида турли мамлакатлардан келтирилган киноа ўсимлигининг 5 та намунаси, 1 та амарант ўсимлиги намунаси, буфел ўти, кўк тариқ, 10 та донли жўхори намуналарини синовдан ўтказиш бўйича тадқиқотлар олиб борилди. Маҳаллий ёввойи ўсимликлар флораси (туя тикан, ширин қизилмия) вакилларини маданийлаштириш бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Орол денгизи минтақасига мослашган ўсимликларнинг саноат плантацияларини яратишда фойдаланиш учун Тоттори университети (Япония) ва Ўрмон хўжалиги қўмитаси билан ҳамкорликда ёғочли дарахтларнинг тез ўсадиган, жумладан, жийда, айлант, Канада толи ва павлония каби турларини танлаб олиш бўйича тадқиқотлар йўлга қўйилмоқда. Шунингдек, баҳорги буғдой, жўхори, маккажўхори, тритикале, аспир, мойли зиғир, африка тариғи, беда, соя, мош ва бошқа ўсимликларнинг турли хил намуналарида экологик синовлар ўтказилмоқда. Яйловларни ривожлантириш мақсадларида фойдаланиш учун ем-хашак ўсимликлардан эспарцет, донник, райграс, хашаки лавлаги, кўп йиллик жўхори, доривор ўсимликлардан қизил ширинмия, топинамбур ва бошқа ўсимликлар синов тариқасида парвариш қилинмоқда. Индукция қилинган турлардан, сахалин гречихаси, сильфиум, туркман малинаси, арундо, алеппо жўхориси ва техник экинлардан джут, кенаф, кротолярия, кунжут, сафлор каби ўсимликларни фенологик кузатув ишлари юритилмоқда.

ICBA халқаро маркази (БАА) молиявий кўмагида Орол денгизининг қуриган тубидан 10 хилдан ортиқ тупроқ типларини бир жойга тўплаш ва илмий тадқиқотлар олиб бориш мақсадида лизиметрик тадқиқот майдончаси барпо этилди ва тупроқлар олиб келиниб, тадқиқот ишлари бошланди. Лизиметрларда ўтказиладиган тадқиқотлар натижасида тупроқ аэрация қатламининг сув ва тузлар мувозанати бўйича сонли қийматларгина эмас, балки жуда катта амалий аҳамиятга эга бўлган турли қимматли маълумотлар тўпланади.

Мўйноқ тумани ҳудудидан ажратилган 20,3 га ернинг 14,7 гектарида шўр ва қурғоқчиликка чидамли, кенг баргли, бута ҳамда мойли ўсимликлардан иборат жами 13 турдаги ўсимликнинг уруғлари, кўчати ва қаламчаси экилиб, яхши натижага эришилди. Ҳозирги кунда участкада илмий-тадқиқот мақсадлари учун 26 хилдаги 25695 дона дарахт кўчати парвариш қилинмоқда.

Канада маҳаллий ташаббуслар фондининг (CFLI) молиявий кўмагида “Оролбўйи аҳолисининг атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларига мослашиш масалалари бўйича хабардорлигини оммавий ахборот воситалари ёрдамида ошириш” лойиҳаси амалга оширилди. Лойиҳани амалга ошириш натижасида Орол денгизи ҳавзасида 1 миллиондан ортиқ аҳолининг иқлим ўзгаришига мослашиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги хабардорлиги сезиларли даражада ошишига эришилди.

“Оролдаги менинг боғим” (My garden in the Aral Sea) агро-экотуризм лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳанинг асосий мақсади, чет эллик сайёҳлар ва маҳаллий аҳолининг Орол денгизи муаммосига бефарқ бўлмасдан, унинг оқибатларини бартараф этишга, яъни Оролбўйини кўкаламзорлаштириш ишларига ўз улушини қўшишга ва шу йўл билан аҳолининг турмуш даражасини кўтаришга чорлаш ҳисобланади. Ушбу тадбирларни амалга ошириш натижасида Ўзбекистонда илк бор аҳоли томонидан кўкаламзорлаштириш лойиҳаси ва краудфандинг (аҳоли томонидан молиялаштириш) платформаси яратилди. Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан лойиҳа 488 миллион сўмга молиялаштирилди. Лойиҳа учун “Мўйноқ” тажриба-ишлаб чиқариш участкасида 1,8 гектар майдон ажратилиб, бугунги кунга қадар 15 турдаги жами 2972 та дарахт кўчати экилди. Бундан ташқари, лойиҳа доирасида Орол денгизининг қуриган тубида ажратилган 42 гектар майдонда 42 минг туп саксовул, қандим ва терескен кўчати ўтқазилди. 2021 йилда Мўйноқ ҳокимлиги томонидан лойиҳани кенгайтириш учун 30,4 гектар ер майдони ажратилди. Айни пайтда ушбу майдонларда декоратив боғ яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Оролбўйи халқаро инновация марказининг стратегик йўналишларини белгилаб олиш мақсадида Ислом тараққиёт банки томонидан 275 минг АҚШ доллари миқдорида “Техник кўмак кўрсатиш” лойиҳаси молиялаштирилиб, лойиҳа ижрочиси «KPMG Audit» масъулияти чекланган жамияти томонидан Оролбўйи халқаро инновация маркази фаолиятини ривожлантириш, унинг 5 йиллик стратегиясини ишлаб чиқиш тадбирлари бажарилмоқда. Россия Федерациясининг И.М.Губкин номидаги давлат университети билан ҳамкорликда янги биопрепарат-тупроқ модификатори “Саманбай” участкасида синовдан ўтказилмоқда.

Жорий йилда Ўзбекистондаги ЮНИСЕФ ташкилоти билан ҳамкорликда ImkonLab (UPSHIFT) – ижтимоий инновациялар ва ижтимоий тадбиркорлик учун кўникмаларни ривожлантириш дастурини амалга ошириш бошланди. Ушбу дастурни амалга ошириш натижасида Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ, Бўзатов, Қўнғирот туманлари ёшларига стартап лойиҳалар ишлаб чиқиш бўйича янги касбий маҳорат ва кўникмаларни эгаллашга ёрдам берилади. Шунингдек дастур доирасида ёшлар томонидан ишлаб чиқилган энг яхши кичик ҳажмдаги стартап лойиҳалари ЮНИСЕФ ташкилоти томонидан молиялаштирилади.

Киото университети билан имзоланган меморандум доирасида бир гуруҳ япониялик олимлар томонидан Мўйноқ тажриба участкасида кичик метеостанция ўрнатилди. Ҳозирги кунда ундан мунтазам равишда маълумотлар олиниб, таҳлил қилиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, “Саманбай” участкасида дарахт ва бошқа экинларни жойлаштириш бўйича бир қатор ибратли ишлар амалга оширилди. ICBA халқаро марказининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси молиявий кўмагида 19 тур лаборатория ўлчаш воситаси ва асбоблари сотиб олинди, шунингдек ёмғир чувалчанги ёрдамида вермикомпост тайёрлаш тажрибаси ўтказилмоқда.

– Марказ томонидан яқин келажакда хорижий ҳамкорлар билан амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳаларга тўхталиб ўтсангиз?

– Бу борада бир қатор аҳамиятли лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Жумладан, Германиянинг халқаро ҳамкорлик ҳамжамиятига (GIZ) қиймати 249 минг ЕВРО бўлган «Оролбўйи халқаро инновация маркази тадқиқотчиларининг имкониятларини кенгайтириш» лойиҳаси таклиф этилиб, GIZ томонидан биринчи босқичда маъқулланди. Ҳозирги кунда Германиялик ҳамкорлар томонидан лойиҳани молиялаштириш масаласи кўриб чиқилмоқда. Лойиҳани 2021 йилда амалга ошириш кутилмоқда.

Швейцариянинг нотижорат “LATMA-ADED” уюшмаси молиявий кўмагида Мўйноқ тумани “Тик ўзяк” овул фуқаролар йиғини ҳудудида 250 нафар ўқувчига эга 7-сонли ўрта мактаб учун сувни чучуклаштирувчи станция қуриб бериш лойиҳасини 2021 йилнинг сентябрь ойида амалга оширишни бошлаш режалаштирилди. Лойиҳа муваффақиятли амалга оширилгандан сўнг Оролбўйи ҳудудидаги бошқа мактабларни ҳам тоза ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаларини амалга ошириш белгилаб олинди ва бу борада ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

2020 йилда, «SATREPS-2020» танловида маъқулланган «Оролбўйида тупроқнинг шўрланишига курашиш ва ер унумдорлигини ва озиқ-овқат хавфсизлигини ошириш учун сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш учун янги технологияларни ишлаб чиқиш» лойиҳасини япониялик ҳамкорлар билан 2021 йилда амалга ошириш бўйича тайёргарлик тадбирлари бошланди. Тунис давлатининг Chahbani Technologies (CHAHTECH SA) компанияси олимлари билан ҳамкорликда янги инновацион тупроқ остидан суғориш ирригация тизимини жорий этиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди. Лойиҳа Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт Дастурига тақдим этилиб, мақулланди ва амалга ошириш бошланди.

Хитой Фанлар Академиясига қарашли Синьцзян Экология ва география институти билан ҳамкорлик меморандуми доирасида 2021 йилда Орол денгизи минтақасида сув танқислигига мослашиш, денгизнинг қуриган тубида чўл ўсимликларидан иборат ўрмонзорлар барпо этиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб боришга ихтисослашган лаборатория ташкил этиш режалаштирилган. Айни кунларда хитойлик ҳамкорлар томонидан лаборатория ускуналари, механизмлар, кичик техникалар ва керакли инвентарлар харид қилиниб, Ўзбекистонга жўнатишга тайёргарлик кўрилмоқда. Хитойлик мутахассислар томонидан марказнинг Саманбай ва Мўйноқ илмий-ишлаб чиқариш участкаларида сув тежовчи технологияларни жорий этиш, шунингдек кичик метеостанция ўрнатиш ишлари амалга оширилди.

 

Жорий йилнинг феврал ойи бошида Глобал яшил ўсиш институти (GGGI, Жанубий Корея) бошчилигидаги Орол денгизи лойиҳаси («Орол инқирози оқибатларини бартараф этиш учун Қорақалпоғистон Республикаси учун экологик реабилитация инвестиция лойиҳаси», 5,6 миллион АҚШ доллари, 3 йил), Корея ҳукумати томонидан маъқулланди ва GGGI уни жорий йилнинг август ойида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Оролбўйи халқаро инновация маркази ва бошқа тегишли вазирликлар, қўмиталар ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширишни бошлаш кўзда тутилган. Лойиҳа Орол денгизи экологик инқирозидан Ўзбекистондаги атроф-муҳитни тиклашга ёрдам бериш ва энг кўп зарар кўрган ҳудудлардаги аҳоли учун табиий офатларга бардош бериб яшашни таъминлаш учун ҳаётий чоралар ишлаб чиқишга қаратилган.

 

Ҳозирги кунда Оролбўйи халқаро инновация маркази томонидан қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасига, шунингдек илмий-тадқиқотлар, экология ва туризм йўналишига инновацион усулларни тадбиқ этиш учун ҳамкорлик ўрнатиш бўйича хорижий давлатларнинг тегишли ташкилотлари билан музокаралар олиб борилмоқда. Ишонч билан айтиш мумкинки, марказнинг маҳаллий ва хорижий ҳамкорлари билан шериклик муносабатлари албатта ижодий ютуқларнинг янги чўққиларига чиқади ва ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли Халқаро инновация маркази Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш учун ягона платформага айланади.

 

ЎзА мухбири Довуд Абибуллаев суҳбатлашди.