Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқа театри Туркиянинг Трабзон шаҳрида бўлиб ўтган XXI халқаро «Қораденгиз» театрлар фестивалида, «Айқулаш» қорақалпоқ миллий фольклор ансамбли жамоаси эса Россия Федерацияси Бошқирдистон Республикасида бўлиб ўтган VI жаҳон фольклори фестивалида иштирок этиб қайтди.

Бугунги кунда Ўзбекистон-Туркия давлатлари ўртасида сиёсий, иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқалар йилдан-йилга мустаҳкамланиб бормоқда.

Айниқса, маданият ва санъат соҳаларидаги ҳамкорлик ӯзининг ижобий самарасини бермоқда. Бугунги кунда ушбу соҳаларда ӯтказилаётган фестиваль, кӯрик-танлов ва анжуманлар, турли мавзулардаги кӯргазмалар, маданий тадбирлар ҳамкорликни мустаҳкамлашда кӯприк вазифасини бажармоқда.

Туркия мамлакатининг Трабзон шаҳрида бӯлиб ӯтган XXI «Қораденгиз» театрлар фестивали шулар жумласидандир. Ҳар йили анъанавий тарзда ӯтказиб келинаётган ушбу фестивални ӯтказишдан мақсад, Туркия театрлари билан жаҳоннинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган ижодий жамоалар ӯртасидаги дӯстлик, маданий ва ижодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, келгусида ҳамкорликни йӯлга қӯйиш ҳисобланади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бугунги кунгача мазкур фестивалга жаҳоннинг турли мамлакатларидан 115 мингдан зиёд театр иштирок этган. Фестиваль доирасида ӯтказилаётган турли тадбирлар, ижодий учрашувлар ва маҳорат дарслари ташкил этилди.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқа театри фестивалда таниқли ёзувчи Ч.Айтматовнинг машҳур асари асосида саҳналаштирилган «Жамила» спектакли билан иштирок этди. Асарни ёш иқтидорли режиссёр Марқабой Усенов саҳналаштирган. Асосий қаҳрамонлар Жамила ролини Мийригул Мамбетмуратова, Данияр ролини Азиз Назаримбетов, шунингдек Дастон Боймурзаев ва Айдос Муратбоев маҳорат билан ижро этди. Трабзон театрида икки кун давомида намойиш этилган спектаклни томошабинлар ҳаяжон билан кутиб олди. Ӯзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Мирзагул Сапаева ижросидаги қорақалпоқ халқ миллий қўшиқлари тили, дили бир турк халқида ва меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Фестивалда фаол иштироки учун Қорақалпоқ давлат академик мусиқа театри Туркия давлат театрлари бош директори Мустафа Курт томонидан махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан маданий мерос объектларига саёҳатлар уюштирилди.

Театр жамоасининг мазкур фестивалда иштироки турк халқининг бой маданияти, санъати, тарихий қадамжолари, театр санъати, миллий урф-одати билан яқиндан танишиш имконини берди. Ӯз навбатида қорақалпоқ халқининг маданияти билан санъатини турк халқига ва меҳмонларга намойиш этишга, театр соҳасида тажриба алмашишга, ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Бундан ташқари Қорақалпоғистон Республикаси Жӯқорғи Кенгеси қӯллаб-қувватлаши билан «Айқулаш» қорақалпоқ миллий фольклор ансамбли жамоаси Россия Федерацияси Бошқирдистон Республикасида бўлиб ўтган VI жаҳон фольклориада фестивалида муносиб иштирок этиб қайтди. Мазкур фестиваль халқаро фольклор фестиваллари ва фольклор санъати ташкилотлари халқаро кенгаши СIOFF Бош ассамблеяси қарорига мувофиқ ҳар тӯрт йилда бир маротаба ӯтказиб келинмоқда. VI жаҳон фольклориадаси фестивалига жаҳоннинг 38 та мамлакатидан фольклар ансамбллари иштирок этди. Фестивалда «Айқулаш» қорақалпоқ миллий фольклор ансамбли жамоасининг ҳар бир чиқиши томошабинлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Ушбу ютуқлар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан миллий маданиятимиз, санъатимизни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътиборнинг амалдаги намойиши бӯлди. Бундай ижодий ташрифларнинг Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги 30 йиллик байрами арафасида ӯтказилгани билан ҳам аҳамиятли бӯлди.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА