Давлатимиз раҳбари ёшлар ва талабалар форумидаги нутқида ёш авлодни маънавий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳақида ҳам сўзлади.

– Асрлар давомида буюк аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган маънавий хазинани кўз қорачиғидек асраш ва уни янада бойитиш, келгуси авлодларга безавол етказиш – барчамизнинг бурчимиздир.

Дўппи, чопон, атлас, адрас, сўзана, кашта, дутор, ғижжак, танбур, дўмбира, чанқовуз каби миллий ҳунармандчилик намуналари ва чолғу асбобларини ёшлар ўртасида оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Ҳар бир маҳалла, қишлоқ ва туманда, мактаблар, ўрта махсус ва олий таълим масканларида Наврўз ва Мустақиллик байрамларига бағишлаб кўрик-танлов ва фестивалларни ташкил этиш керак.

Шунингдек, ўғил болаларни эр йигитнинг қаноти бўлган от билан дўстлашиб, мард ва жасур бўлиб камол топиши учун, ёшлар ўртасида от спортини оммалаштириш зарур.

Айниқса, қорабайир зотли отлар ёшларимиз учун ғурур тимсолига айланиши лозим. Шу мақсадда, ҳар бир вилоят ва туманларда “Чавандозлар мактаби” фаолияти йўлга қўйилади.

Яқинда Германияда от спорти бўйича бўлиб ўтган нуфузли мусобақада самарқандлик мактаб ўқувчиси Абдураҳмон Абдуллаев иккита йўналишда олтин ва кумуш медалларга сазовор бўлди. Халқаро миқёсдаги ютуқлари учун бу ўғлимиз “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди.

Бундай моҳир чавандозларни кўпайтириш учун туман, вилоят ва республика миқёсида от спорти мусобақалари, шунингдек, улоқ-кўпкари, чавгон, пойга каби миллий ўйинлар ташкил этилади. Вилоят ва туманлар ҳокимлари ҳамда Миллий гвардия қўмондони бу ишларни ташкил этишга шахсан масъул бўлади, – деди Президент.

 

ЎзА