Мамлакатимизнинг бокс бўйича терма жамоаси аъзоси Бектемир Мелиқўзиев 2018 йилги спорт мавсумига тайёргарлик кўраётгани ҳақида ЎзА мухбири билан суҳбатлашди.
– Сиз учун жорий йилги мавсум қандай ўтди?
– 2017 йил ўзбекистонлик жуда кўплаб спортчилар учун омадли йил бўлди. Шу қатори мен ҳам ушбу йилни муваффақиятли ўтказдим. Юртимизда ўтган Осиё чемпионатида олтин, Германияда ўтган жаҳон чемпионатида бронза медалларини қўлга киритдим.
– Бразилияда ўтган Олимпия ўйинларида 75 килограммгача вазн тоифасида беллашган эдингиз. Сўнгги йилларда 81 килограммгача вазн тоифасида жанг ўтказмоқдасиз. Бунга сабаб нимада?
– Ҳар қандай спортчи яккакурашларда ўзини ҳар хил вазн тоифаларида синаб кўради. Мисол учун, Ҳасанбой Дўсматов ҳам яқинда ўтган халқаро турнирда 52 килограммгача вазн тоифасидаги баҳсларда иштирок этди ва олтин медални қўлга киритди. Мен ҳам бошқа вазн тоифасида янги марраларни забт этишга ҳаракат қилмоқдаман. Ва бу мақсадимга эришаётирман.
– Янги мавсумга тайёргарлик қандай ўтмоқда?
– Тайёргарликни анча олдин бошлаганмиз. Техник-тактик ва жисмоний машқларни доимо ўзим ҳам бажариб бораман. Спортда тиниммиз меҳнат қилиш керак. Акс ҳолда юксак марраларни забт этиб бўлмайди. Умуман олганда мен янги мавсумга тайёрман.