Шароф Рашидовнинг шахсий врачи «Время» ахборот дастурининг Ўзбекистондаги мухбири билан Тошкент метросининг Ҳамид Олимжон бекатида учрашганида Шароф аканинг оиласи тушиб қолган аҳвол ҳақида унга нима деди? Бу ҳақда билишни истасангиз журналист Ирисмат Абдухолиқовнинг ЎзА сайтида бугун берилаётган “Шароф Рашидов. Ҳақиқат ва ривоят” асаридан олинган лавҳани ўқиб, билиб олишингиз мумкин.
Мазкур материал ҳақидаги фикр-мулоҳазаларингизни бизга ёзиб юборсангиз ёки телефон орқали қўнғироқ қилиб муносабатингизни билдирсангиз миннатдор бўлар эдик.
Электрон почта: info@uza.uz
Телефон рақами: (0371) 233-06-14
Шу ўринда Шароф акани «кўзбўямачи, порахўр, коррупциячи» деб айблаганлар учун бир мулоҳазани айтиб ўтишим шарт. Гап шундаки, у кишининг ўлимидан кейин 25 йил мобайнида ўзлари яшаган давлат уйидан ҳайдаб чиқарилган оиласи – турмуш ўртоғи Хурсанд опа билан ўғли Илҳомжон узоқ йиллар Тошкентдаги икки хонали давлат хонадонида сиқилиб яшашди.
Бир куни метронинг «Ҳамид Олимжон» бекатида поезд кутиб турганимда Шароф аканинг собиқ шахсий врачи невараси билан келиб қолди. Саломлашиб, ҳол-аҳвол сўраганимда у сўровимга хушламайгина жавоб берди.
– Тинчликми, нега кайфиятингиз йўқроқ?
– Кетяпман.
– Қаерга?
– Ватанга, Украинага.
– Тошкент-чи, Ўзбекистон-чи? Шундай қадрдон бўлиб қолган жойни ташлаб-а?
– Мана буларни, – деб неварасига имо қилди, – уларнинг келажагини ўйлаяпман.
– Ие, бу ёғи нима бўлади?
– Билмадим, бу гапни сизга айтсамми-айтмасамми, – деб бироз сукут сақлади-да, гапида давом этди: – Ўтган куни олдимга Шароф Рашидовнинг ўғли Илҳом келди. У уйимни сотиб олмоқчи бўляпти. Пулини бўлиб-бўлиб бермоқчи.
– Ие, у квартирани нима қилади?
Бу саволимга кекса шифокор елкасини қисиб қўйди, холос. Шунда унга Шароф аканинг 75 йиллигини нишонлаш арафасида юбилей маросимини ўтказиш бўйича Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган йиғилиш тафсилотларини сўзлаб бердим. Мажлисда Оқил ака Салимов: «Худога шукр, мана шундай кунларга ҳам етиб келдик. Ҳукумат Шароф аканинг юбилейини ўтказиш билан у кишининг ноҳақ қораланган номини покламоқда. Ҳамма қилинадиган тадбирлар жуда савобли. Лекин Шароф аканинг оиласи – турмуш ўртоғи Хурсанд опа билан ўғли Илҳомжон шу кунга қадар икки хоналик тор давлат квартирасида қийналиб яшамоқда. Герман Лопатин номидаги кўчадаги беш қаватли уйда Шароф аканинг 25 йил яшаган квартираси бор. Вафотидан кейин шу квартира оиласидан олиб қўйилган эди. У уйнинг деворига Шароф Рашидовнинг хотирасига бағишлаб мармар тахта ҳам ўрнатилган. Юбилей тадбирлари ўтиши арафасида ана шу уй оиласига қайтариб берилса, Шароф аканинг руҳи шод бўлган бўлар эди» деган таклифни билдирди. Бу таклифни барча қўллаб-қувватлади. Лекин кимдир: «Ахир, бу уй бошқа одам томонидан хусусийлаштириб олинган-ку», – деди. Шунда яна биров: «Унинг эгасига битта коттеж қуриб берилса, «жон-жон» деб алмашишга рози бўлади. Чунки у ерда Шароф аканинг излари бор, ҳукумат қарори билан ўрнатилган мемориал мармар тахтаси турибди», – деди. Залдагилар бир овоздан «Уй оиласига қайтариб берилсин» деган фикрни билдиришди.
– Ахир, масала ҳал бўлган эди-ку, – дедим куюниб.
У киши мийиғида майин кулди-да:
– Айтганларингизнинг ҳаммаси қоғоздаги қуруқ гаплар, – деб хўрсиниб қўйди. – Мана, неча йил ўтяпти, Илҳом ҳамон онаси билан икки хоналик давлат уйда қийналиб яшаяпти. Квартирани идорамга офис қилиб оламан деяпти. Лекин уй масаласида анча қийналиб қолган…
Мен узоқ вақт Шароф аканинг шахсий шифокори гапларининг таъсири остида юрдим. Ахир, Шароф ака порахўр бўлса, унинг данғиллама участкалари, тонна-тонна олтин-бриллиантлари, миллион-миллион миқдордаги маблағлари бўлиши керак эди-ку!.. Хотини ва бола-чақасига каттароқ кулба ҳам қолдириб кетмаган экан-ку! Укаси Асил Рашидов ҳам ҳанузгача 1966 йилги зилзиладан кейин қурилган кўп қаватли уйдаги кватирасида туради.
Иккинчи жаҳон урушининг қатнашчиси бўлган, чорак аср Ўзбекистонга раҳбарлик қилган Шароф Рашидовнинг 25 – 30 йил яшаган уй-жойи олиб қўйилганига нима дейсиз?! Вафотидан кейин унинг оиласига битта квартирани давлатнинг ўзи бериши керак эмасмиди?!
Шароф аканинг шахси ҳақида гап кетганда яна бир кичик лавҳани ёдга олмоқчи эдим. Бир куни мени марказқўмга чақиришди. Идорага киришга рухсатнома ёздириб олиш учун бино олдига келганимда рухсатнома хонаси олдида озғингина, буғдойранг, хатти-ҳаракатидан камтарлиги сезилиб турган бир қиз ҳам турган экан. Мен уни танидим – Шароф аканинг Сайёра исмли қизи эди. У мени танимаслиги сабабли саломлашмадик. Сайёра Шарофовна рухсатнома ёзиладиган ойнабанд хонадан негадир паришонхотирроқ бўлиб чиқди. Сезишимча, «отангиз ишда йўқ» деб рухсатнома ёзиб беришмаган. Шу пайт бино олдига ҳукумат машиналари етиб келди. Кутиб турганлар олдига бир милиция ходими югуриб келиб: «Бу ерда турманглар, ичкарига киринглар. Бинога Шароф Рашидов келяпти», – деб бизни бинонинг ичкарисига киришга мажбур қилди.
Мени ҳайрон қолдирган нарса шу бўлдики, Сайёра опа шундан кейин ҳам ҳеч қандай эътироз билдиргани йўқ. Милиция кўрсатмасига итоаткорона бўйсуниб, индамай рухсатнома хонасида кутиб ўтирди. Ҳолбуки: «Мен фалончининг қизи бўламан. Менга бундай муомала қилманглар», – деб айтса ҳам бўлар эди-ку.
Машиналар бино ҳовлисига кириб кетгач, бироздан сўнг ходимлар у кишига рухсатномани беришди. Бу уйда ўрнатилган тартиб-қоида ва тарбия маҳсули эди.
Орадан кўп йиллар ўтди. Сайёра опа Москвада ўқишини битириб, номзодлик диссертациясини ёқлаб келди. Аввал Ўзбекистон Фанлар академиясининг Кимё полимерлари физикаси институтида оддий илмий ходим, кейин бўлим мудири, кейин докторлик диссертацисини ёқлаб, катта илмий ходим, сўнгра институт директори лавозимида ишлади. Отаси қазо қилгандан 7 йил кейин, 2000 йили Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги бўлди.
Мен СССР Телерадиоқўмитасининг Ўзбекистондаги марказий мухбирлар пунктининг мудири лавозимида ишлаётган вақтимда ишхонамга менинг номимга расмий хат келди. Унда қуйидаги сўзлар ёзилган эди:
«Муҳтарам Ирисмат Абдумаликович!
«Электроника и ускуналар учун органик матераллар» мавзуидаги халқаро коференция ташкилий қўмитаси Сизга илм-фаннинг мазкур истиқболли соҳасида хорижий ва совет, шу жумладан, ўзбекистонлик олимларнинг илмий изланишларига бағишланган конференция ишини телевидениеда ёритганингиз учун миннатдорчилик билдиради. Ушбу репортажнинг «Интервидение» канали орқали ҳам намойиш этилгани совет олимлари фаолиятини тарғиб этиши баробарида илм-фаннинг тараққиёти ва самарадорлигини халқаро миқёсда мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.
Ҳурмат билан,
Ташкилий қўмита раиси ўринбосари, Фанлар академияси Кимё полимерлари физикаси институти директори
С.Ш.Рашидова»
Ҳаётда кўрган ва эшитганларимни таҳлил қилиш жараёнида таққослаш учун Светлана Иосифовна Аллилуева ва Галина Леонидовна Брежнева ва бошқалар ҳақида ёзилган таърифу тавсифларни бирма-бир хаёлимдан ўтказдим. Улар бир тарафу муҳим мавзу бўйича халқаро миқёсда Ўзбекистонда ташкил этилаётган илмий анжуманларни телевидениеда ёритган оддий журналистга ҳурмат билан хат орқали миннатдорчилик билдирган, Ўзбекистон раҳбарининг қизи, таниқли олима, ҳамкасбларининг юксак баҳосига сазовор бўлиб, илмдаги энг юксак – академик унвони берилган Сайёра Шарафова бир тараф. Ваҳолонки, бу масалага умуман эътибор бермаслиги ёхуд ёрдамчилари орқали қўнғироқ қилиб қўйса бўлар эди. Оддий бир мухбирга бундай ҳурмат-иззат кўрсатиш оила тарбияси натижасидир. Халқимиз бекорга «Ҳурмат қилсанг ҳурмат топасан» демаган. Ота ва фарзандлар ҳаммани шундай ҳурмат қилди, ўз навбатида, ўзлари ҳам халқ орасида шундай ҳурматга лойиқ бўлишди.
Яна бир нарса мени ўйга толдиради. Нега Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг Биринчи котиби, КПСС Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси аъзолигига номзод бўла туриб Шароф ака жонажон укаси, таниқли адабиётшунос олим, филология фанлари номзоди, машҳур Чингиз Айтматов асарларининг моҳир таржимони, Тошкент педагогика институтининг (ҳозирги университет) доценти, камтарин ва заҳматкаш инсон – Асил Рашидовга бирон-бир тузукроқ яхшилик қилгани йўқ. Шароф ака укасини жуда яхши кўрар, қаттиқ ҳурмат қилар эди. Ота-оналари ўтгандан кейин Асил ака анча йиллар акасининг уйида яшади, бирга туришди, ўқиди, ишлади. Кўпчилик қатори у ишга доимо оддий шаҳар жамоат транспортида қатнарди. (Мана, орадан 30 йилдан ортиқ вақт ўтди. Ўзбекистонда «Нексия», «Спарк», «Ласетти», «Кобальт», «Малибу», «Каптива» каби машиналар ишлаб чиқарилмоқда. Асил ака ҳамон машина сотиб олгани йўқ.) Асил Рашидовнинг филология соҳасидаги ноёб истеъдоди аллақачон эътироф этилган. У кишини олимлар Шароф Рашидовнинг укаси бўлгани учун эмас (бундай муносабатни у кишининг ўзи хушламайди), билими, қобилияти ва меҳнаткашлиги туфайли эъзозлашади. Рашидовнинг аниқроғи, Шароф Рашидовнинг туғишган укаси бўлса-да, бундан мутлақо фойдаланмагани, доимо ўзи устида қаттиқ ишлагани, ақли, тўплаган билими, илми, тажрибаси, ўз соҳасида жиддий ютуқларга эришгани учун кўпроқ ҳурмат қилишар эди. Шароф ака укасини бирон-бир институт ёки университетга ректор, Фанлар академиясининг мухбир аъзоси, академик бўлишига ёрдам бериши мумкин эди. Лекин у бу ишни қилмади. Асил аканинг ўзи ҳам буни хоҳламас эди. Бу оила фарзандларида катта лавозимдаги ота-она, ака-укадан инъом-эҳсон кутмай ўзи меҳнат қилиш, ўзи бирон-бир ютуққа эришиш, бошни мағрур кўтариб юриш одат эди.
Шароф ака бирор одамни масъулиятли ишга тайинлаётганида: «Бизни уялтирадиғон ишлар қилиб юрманг!» – деб насиҳат қилар эди. Бу ўгитни мен ҳам эшитганман.
Шароф ака нафақат фарзандлари, балки ака-ука, тоға-жиянлари, яқин қариндош-уруғларининг тарбиясига ҳам алоҳида эътибор берган. Ўғли Илҳом ака КГБда ишлар эди. Отаси оламдан ўтгандан сўнг Гдлян ва Ивановнинг одамлари унинг ҳам олдига келади. Шароф аканинг жамғарма дафтарчасида 4 минг рубльми – 40 минг рубльми маблағ борлиги маълум бўлади. Улар бу пулни давлатга топшириши кераклигини айтишади. Мард ва жасур Илҳом: «Бу ҳалол пуллар отамнинг менга қолдирган мероси. Улар отамнинг кечалари ишдан кейин мижжа қоқмай ёзган асарларининг қалам ҳақи, мен уларни сизга топширмайман», – дея бўйсунмайди. Қудратли Андропов ҳам, унинг Ўзбекистонга ташлаган малайлари ҳам Илҳом акага ҳеч нарса қила олмади. Лекин у ишдан кетишга мажбур бўлди. У отасининг хотирасини ҳамиша пок сақлашга ҳаракат қилди. Айрим Сиёсий бюро аъзоларининг фарзандларига ўхшаб отасининг лавозимидан фойдаланиб давлат хазинасини ўмаришга, турли сердаромад лавозимларни қўлга киритишга интилмади. Отаси таъқиб остига олинганда, ўлимидан кейин ноҳақ таҳқирланганда ҳам айримларнинг фарзандларига ўхшаб хорижга кетиб қолмади. Ота-онасини, она ватанини сотмади. Бошига тушган қисматга мардонавор чидаб, отаси жонини фидо айлаган Ўзбекистонга хизмат қилишда давом этди.
Қизи Сайёра Рашидова – кимё фанлари доктори, таниқли олима қалбидаги барча гинаю кудуратларни енгди, туҳмат ва ҳақоратларга сабот билан чидади. Аввал илм билан шуғулланди, кейин халқ уни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг депутатлигига сайлади. Депутатлар уни нуфузли ва масъулиятли лавозим – омбудсман этиб тайинлашди. Инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган мазкур лавозимда Сайёра опа узоқ йиллар меҳнат қилди. Илмдаги энг юксак – академик унвонига сазовор бўлди. Бу Шароф Рашидовнинг тарбияси мевасидир.