Шароф ака нима сабабдан Сурходарё вилоятидаги Дашнобод хўжалигига борганида анор шарбатидан тотмасдан чиқиб кетаётган бўлади, бунинг устига устак шу куни у тушлик ҳам қилмай Термез ипподромидаги митингга ошиқади ?
Бу ҳақда билишни истасангиз журналист Ирисмат Абдухолиқовнинг ЎзА сайтида берилаётган “Шароф Рашидов. Ҳақиқат ва ривоят” асаридан олинган лавҳани ўқиб, билиб олишингиз мумкин.
Мазкур материал ҳақидаги фикр-мулоҳазаларингизни бизга ёзиб юборсангиз ёки телефон орқали қўнғироқ қилиб муносабатингизни билдирсангиз миннатдор бўлар эдик.
Электрон почта: info@uza.uz
Телефон рақами: (0371) 233-06-14
Бу лавҳамда ўзбек халқи, жумладан, Шароф аканинг табиати, у кишининг раъй-хоҳишига хос бўлган айрим хислатлар хусусида сўз юритишни лозим топдим. Бу мавзуга тааллуқли ўзим шоҳид бўлган воқеалар тафсилотига тўхталсам.
Қайсидир йили Шароф Рашидов амалга оширилаётган ишлар билан танишиш, уларни бир назорат қилиш, халқнинг юрагидаги гаплардан хабардор бўлиш мақсадида Сурхондарё вилоятига борди. Сариосиё туманидаги баланд тоғлар билан бепоён даштлик чегарасидаги ажойиб иқлим шароитида жойлашган «Дашнобод» хўжалигидаги машҳур анорзорларни кўздан кечириш чоғида ғаройиб ҳодиса юз берди. Хўжалик анорзорларида дунёдаги энг тотли, энг шифобахш анорлар ёқутдек товланиб, одамнинг кўзини қамаштиради. Беихтиёр уларни татиб кўргинг келади. Анорзордан чиқаверишда чоғроққина стол устига бир шиша идишга қип-қизил рангдаги анор шарбати ва икки дона деворлари ингичка қадаҳ қўйиб қўйилган экан. Шароф ака билан куни бўйи юрганлар Сурхондарё иссиғида чарчаб, чанқовдан лаблари ёрилай деб турибди. Бу ерда Ўзбекистоннинг тоғли ва даштли иқлим шароитидан унумли фойдаланиш, анор каби инсон соғлиғи учун ниҳоятда шифобахш бўлган меваларни етиштиришни кўпайтириш ҳақида гап борди (Ёдимда: мен «Время»га инсон қони таркибидаги қизил қон таначаларини тиклайдиган (бедаво «оққон» касаллигини даволашда қўлланадиган), данаги йўқ анорнинг янги нави ҳақида шов-шувга сабаб бўлган репортаж тайёрлаб берган эдим. Шароф ака раҳбарлар ва мутахассисларнинг фикрларини эшитиб, ўз маслаҳатларини бергандан сўнг анорзордан ташқарига чиқа бошлади. Ҳамма у кишининг орқасидан эргашди. Шароф ака машинага ўтириш арафасида хўжалик раҳбарининг ёдига тушиб анор шарбатидан татиб кўришни тавсия этди. Кимдир қадаҳдаги шарбатни Шароф акага тутди. У киши қадаҳни қўлига олиб, рангини узоқроқ томоша қилди-да, лабларига теккизганча: «Ҳа, бунақа шарбат камдан-кам жойда битади», – деб озгина ичилган қадаҳни стол устига қайта қўйди.
Бу нозик тагдор гапни кимдир тушунади, кимдир эса йўқ. Гап шундаки, Шароф ака ташналикдан қийналса-да, мезбонларга: «Қани, анор шарбатидан қуйинглар-чи, мазасини бир кўрайлик», – деб айтганлари йўқ. Ана шунда Шароф аканинг сабр-матонати ва ички маданиятига яна бир бора тан берган эдим.
Шу тумандаги янги ун заводининг ишга туширилишига бағишланган тадбирни тасвирга олиб, энди Тошкентга қайтмоқчи бўлиб турганимизда Шароф аканинг тансоқчиси менга кутилмаган хабарни етказди:
– Сиз Шароф аканинг самолётида бирга Термизга учар экансиз. Шаҳар отчопарида катта тадбир бўлар экан, Шароф ака унда қатнашиб нутқ сўзлайди.
Биз бирга учмоқчи бўлган «ЯК-40» русумли самолётнинг олдига келганимизда у ерда Шароф Рашидовнинг ёнида вилоят раҳбари Абдухолиқ Каримов, Сариосиёдаги машҳур колхоз раиси, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Бобомурод Омонов ва яна ўрта ёшлардаги баланд бўйли менга нотаниш бир киши турар эди. Хўжалик раиси Шароф акани бир пиёла чой ичишга таклиф қилди. Тушлик вақти ўтиб кетгани учун қорни таталаб турган одамларга бу айни муддао эди. Бироқ Шароф ака мезбоннинг таклифини қатъиян рад этди:
– Овқатланиш учун вақтимиз йўқ. Биз Термизда ўтадиган катта митингга кеч қоляпмиз. У ерда одамлар тўпланиб туришибди. Шунинг учун узр, кейинги сафар ичармиз чойни…
Одат бўйича учувчи Шароф акага рапорт бера бошлади.
– Термизгача қанча учамиз? – деб сўради Шароф ака рапорт тугагач.
– 1 соату 15 дақиқа, – деди учувчи.
– Ие, ахир Термиздан бу ерга 45 минутда келдик-ку, – деди Шароф Рашидов.
– Узр, Шароф Рашидович, биз бу ерга бир йўналишдаги ҳаво йўли орқали учиб келдик. Термизга шамол йўналишига қарши бошқа йўналишда учишга тўғри келади, – деб тушунтирди учувчи.
Шароф аканинг қошлари бироз чимирилгандек бўлди. У киши митингга кеч қолаётганидан озгина безовта эди.
Самолётга чиққанимизда мени Шароф аканинг салонига таклиф этишди. Стюардесса қиз олдимизга шиша ликопчадаги кичик-кичик думалоқ-думалоқ пишириқ билан чой келтириб қўйди. Абдухолиқ ака аччиқ қилиб дамланган қора чойни Шароф акага, кейин менга узатди. Столда овқат тугул, ҳўл мевалар ҳам йўқ эди. Бошқа ҳеч нарса олиб келишмаганидан кейин мен мезбонимизга ҳазил аралаш гина қилдим:
– Абдухолиқ ака, сиз бизни унчалик яхши кўрмас экансиз. Биз-ку ёшмиз, ҳар ҳолда. Аммо Шароф ака ҳам шунча вақтдан буён туз тотгани йўқ…
Абдухолиқ ака ўнғайсиз аҳволга тушиб, бироз шошиб қолди-да, Шароф акага:
– Ўзингиз кеч қоламиз деб рози бўлмадингиз-ку, – дея савол аломати билан боқди.
Шароф ака бу гапларга билинар-билинмас мийиғида кулиб қўйган бўлса-да, ҳеч нарса дегани йўқ. Шунда Абдухолиқ ака вазиятдан чиқиш учун Шароф акага сал нарида ўтирган, боя самолёт олдида турган баланд бўйли бақувват нотаниш йигитни таништирди:
– Сариосиё райкомининг янги котиби…
Шароф ака негадир у томонга хушламайроқ назар ташлади-да, паст овозда Абдуҳолиқ акани сўроққа тутди:
– Бу ҳам ановиларга ўхшаганми?
– Йўқ, йўқ, бу киши унақа нарсаларга аралашмаган, – деди қатъий овозда Абдухолиқ ака.
– Буларнинг ҳаммаси бошида яхши бўлишади, – деди Шароф ака унга синчковлик билан тикилиб.
Шундан сўнг Шароф ака самолёт иллюминаторидан пастга қараб пахта далаларини кўздан кечира бошлади.
Бу ўзбек халқи ҳақида турли ёлғон-яшиқ гаплар пайдо бўлган, москвалик терговчилар – Гдлян ва Иванов юзлаб одамларни сўроққа тутаётган, москвалик «одил ҳакам»лар Ўзбекистонда олтин йиғиш билан овора бўлган пайт эди.
Бироздан сўнг озгина кўнгли ёришган Шароф ака менга мурожаат қилди:
– Қаранг, қанчалик гўзал-а деҳқоннинг иши!
Мен ўтирган курси ёнидаги иллюминатордан пастга қараганимда кўз олдимдан марвариддек ялтираб турган далалар, катак-катак бўлиб кўринаётган кўм-кўк пайкаллар, ариқларда оқаётган сувлардаги қуёшнинг акси лазер нуридек кўзни қамаштириб бирма-бир ўта бошлади.
Бироз сукутдан сўнг Шароф ака яна мени суҳбатга тортди:
– Ҳа, айтгандек, мулло Ирисмат, сизга айтадиган гап бор. Бир ватандошимиз – археолог олим ўзбек халқининг тарихини икки минг йилга узайтириб берди. У бу кашфиётини ўзи қазиб олган археологик топилмалар асосида исботлаяпти.
Шунда Шароф ака мамлакатдаги барча соҳалардаги янгиликларни синчковлик билан кузатиб боришига яна бир бор амин бўлдим. (Мен кейинчалик шу олимни топиб «Время»га репортаж тайёрладим. У киши тарих фанлари доктори, профессор Аҳмадали Асқаров эди. Кейин Аҳмадали ака республикада кўзга кўринган йирик олим бўлиб етишди.
Шароф Рашидовнинг бундан 34 йил муқаддам самолётда учиб кета туриб менга айтган: «бир истеъдодли археолог олим ўзбек халқининг тарихини икки минг йилга узайтириб, қадимлаштириб берди» деган сўзлари у пайтда ҳали ҳеч кимга маълум бўлмаган ёш олим Аҳмадали Асқаровни илҳомлантириб юборди.
Тарихчи олим ўзбек халқининг ўтмишини ўрганишни изчил давом эттирди, янги археологик қазилмалар, кашфиётлар қилди. Жамоат ишларида фаол қатнашди. 1991 йили Мустақилликка эришгач, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати, фан ва маданият масалалари бўйича Олий Мажлис қўмитасининг раиси бўлди. 2015 йили Аҳмадали Асқаров «Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи» номидаги 670 бетлик катта фундаментал асарини яратди. Китобда ўзбек халқининг миллат бўлиб шаклланиш жараёни, ўзбек миллий менталитети тушунчаси ва унинг ўзига хосликлари тадқиқ қилинган, бой моддий, маданият ва ёзма манбааларнинг чуқур илмий таҳлили берилган.
Археология фанининг чуқур билимдони бўлган олим Шароф акадек эзгулик йўлини ўзининг ҳаёт тамойили қилиб олган катта устоз, бағри кенг инсон бўлиб етишди. Бугунги кунда у Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги, Республикада хизмат кўрсатган фан арбобидир).
Самолёт Термизга келиб қўнди. Ташқарида Сурхондарёнинг жазирама иссиғи ҳукм сурар эди. Ҳаво ҳарорати 42 – 45 даража. Барчамиз қатори Шароф ака ҳам роса қизиб терга ботди. Аэропортда Шароф акани бир неча дақиқа кутишимизга тўғри келди. У киши юз-қўл чайгани депутатлар хонасига кириб кетди. Орқасидан бир киши чопиб бориб, кийим илгагида осиғлиқ ёқаси дазмолланган оқ кўйлак олиб кирди. Зум ўтмай депутатлар хонасидан тоза оқ кўйлакда Шароф ака кўринди ва машиналар шаҳар отчопари томон йўл олди. Шароф аканинг овқатланмай оч қоринга митингга кетаётгани яна бир фидойилик намунаси эди.