Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошқармаси Касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ташкил қилинган «Санитария-эпидемиология хизмати кубоги» спартакиадасининг финал босқичи ўтказилди.
Мусобақага санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошқармаси Элликқалъа, Амударё, Қўнғирот, Шуманой, Қонликўл, Хўжайли, Чимбой, Қораўзак, Нукус тумани ва Нукус шаҳри бўлимлари иштирок этди.
Спартакиада иштирокчилари спортнинг 6 та тури бўйича, яъни эркаклар ўртасида футбол, стол тенниси, енгил атлетика, хотин-қизлар ўртасида эса воллейбол, шашка ва 50 ёшдан ошган аёллар ўртасида дартс спорт турлари бўйича куч синашди.
– Спорт тадбирини ўтказишдан мақсад, меҳнат жамоасида ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини жорий этиш, спортга қизиқувчиларни қамраб олишдир, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси Касаба уюшмаси қўмитаси раиси Сарбиназ Утемуратова. – бу каби тадбирлар орқали биз шу мақсадларга эришамиз, албатта.
Спартакиада мусобақалари якуни бўйича биринчи ўринни Чимбой тумани, иккинчи ўринни Элликқалъа тумани ва учинчи ўринни Нукус шаҳри бўлимлари эгаллади. Шунингдек, иштирокчилар тўртта – «Энг кекса иштирокчи», «Энг моҳир ҳаваскор спортчи», «Ғолибликка интилиши учун», «Энг ёш иштирокчи» номинациялари бўйича тақдирланди.
Мусобақа ғолиблари, иштирокчилари ҳамда ташкилотчилар Касаба уюшмаси қўмитаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошқармаси томонидан совғалар ва дипомлар билан тақдирланди.
Е.Қаноатов, М.Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА