Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида 1 октябрдан бошлаб мажбурий тўловларни биллинг тизимида амалга оширишнинг ягона электрон платформасини ишга тушириш вазифаси қўйилди.
Бунда мулкдорлар, хонадон майдони, тариф миқдори, қарздорлик, хизмат кўрсатувчи ташкилот харажатлари ва даромадлари сметаси ҳақидаги маълумотлар шакллантирилади.
Яна бир масала – бугунги кунда 19 мингта кўп қаватли уй-жойларнинг кадастр ҳужжатлари мавжуд эмас. Янги қурилган 3 мингта кўп квартирали уй-жойга хизмат кўрсатиш йўлга қўйилмаган.
Жумладан, Тошкент вилоятида – 623 та, Бухорода – 621 та, Хоразмда – 249 та, Сурхондарёда – 195 та ва Наманганда – 170 та кўп қаватли уйларга бошқарувчилар бириктирилмаган.
Шу боис Ш.Ҳидоятов ва Б.Зокировга бир ой муддатда қурувчи ташкилот янги қурилган кўп қаватли уйларни бошқарув компанияси ташкил қилган ҳолда, икки йил давомида сақлашни ўз зиммасига олишини назарда тутувчи тизим яратиш бўйича топшириқ берилди.
Шунингдек, мутасаддиларга йил якунигача ходимлар малакасини ошириш бўйича ҳар бир бошқарув компаниясининг ўзида ўқув марказлари ташкил этиш бўйича топшириқ берилди.
ЎзА