Дорихоналар нега харидор билан тўла?

273

Табобат ривожланиши инсоният ҳаётини тубдан ўзгартирмоқда. Замонавий технология, янги дори-дармон ва инновацион тиббий усуллар хасталикни аниқлаш, даволаш ва муаммоларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Афсуски, тараққиёт билан бирга касалликлар сони ҳам кўпаймоқда.

Сўнгги йилларда тиббиёт бир неча асосий йўналишда жадал ривожланди.

Генетика ва Геномика. Генетик тадқиқот орқали касаллик сабаби аниқланмоқда. Геномик маълумотдан фойдаланиб, шахсга мос даволаш усули ишлаб чиқилмоқда.

Самарали дори-дармон. Янги, хусусан биология технологияси асосида яратилган дори воситалари турли мураккаб хасталикларни даволашда муваффақиятли натижа бермоқда.

Телемедицина. Масофавий тиббий хизмат орқали беморни тезкор текшириш ва зарур маслаҳат бериш имконияти кенгайди.

Сунъий интеллект. Тиббиётда сунъий интеллектдан фойдаланиш ташхис жараёнини соддалаштириб, ноаниқ ҳолатларни аниқлашда ёрдам беради.
Эришилаётган ютуқларга терс ўлароқ, урчиб бораётган касалликларнинг пайдо бўлишини мутахассислар қатор омиллар билан боғлайди.

Атроф-муҳит ифлосланиши. Иқлим ўзгариши, кўпайиб бораётган саноат чиқиндиси ва кимёвий моддалар инсон саломатлигига жиддий салбий таъсир кўрсатади.
Урбанизация. Шаҳар ноқулай жойлашган ва аҳоли зичлиги юқори манзилларда юқумли касалликлар тарқалиш хавфи ортади.

Ёш гуруҳи ўзгариши. Глобал миқёс касб этган аҳоли қариши билан боғлиқ сурункали касалликлар, масалан юрак-қон томир касалликлари кескин кўпаймоқда.
Глобализация. Инсонларнинг дунё миқёсида ўзаро алмашинуви кучайиши юқумли хасталиклар тарқалишини осонлаштирмоқда.

Аксил биотикларга чидамли митти зараркунандалар. Аксил биотикдан нотўғри фойдаланиш микроблар чидамлилигини ошириб, янгидан зарарланишга олиб келади.

Хуллас, тиббиёт ривожи осон ва самарали даволаш усулларини кўпайтирса-да, тўлақонли соғлом турмуш тарзини ярата олмайди. Касаллик тарқалишининг олдини олишга самарали ёндашув зарур. Фақат билимни кенгайтириб эмас, балки назарияни амалиётга татбиқ этган ҳолда келажак авлод учун соғлом муҳит яратишга интилиш лозим.

Мусулмон Зиё, ЎзА