Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Индонезия Парламенти Вакиллар палатаси Спикери ўринбосари Раҳмат Гобель бошчилигидаги делегация Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов билан учрашди.

Айтиш жоизки, сўнгги тўрт йилда Ўзбекистон ва Индонезия ўртасида барча соҳаларда, жумладан, парламентлар ўртасида ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Мазкур алоқаларни ривожлантириш, уларни янги босқичга олиб чиқиш икки мамлакат парламентлари учун ҳам муҳим экани таъкидланди.

Суҳбат чоғида Индонезия парламенти делегацияси аъзоларига Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг фаолияти, сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Раҳмат Гобель мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат ва унинг дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётганини алоҳида таъкидлар экан, қўлга киритилаётган ютуқлар Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини оширишига ишончи комил эканини билдирди.

Учрашувда Ўзбекистонда Индонезиянинг етакчи олий таълим муассасалари филиалларини очиш ҳамда бугунги кунда энг талабгор касбларга ўқитиш бўйича қўшма дастурларни ишлаб чиқиш, уларни амалиётга татиқ этиш масаласи муҳокама қилинди.

Томонлар савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ишга солинмаган имкониятларини қайд этиб, икки мамлакат учун устувор бўлган йўналишларда аниқ қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали самарали ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини билдирди.

Икки мамлакат ўртасида парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш билан бирга, туризм, шу жумладан, “зиёрат туризми» ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Раҳмат Гобель бошчилигидаги делегация Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида ҳам бўлиб, Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов билан сиёсий, инвестициявий, савдо-иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда музокара ўтказди.

Индонезия томони Ўзбекистонда амалга оширилаётган таркибий ўзгаришларга ҳамда иқтисодий ривожланиш ва давлат бошқарувини такомиллаштириш борасида эришилган натижаларга юқори баҳо берди.

Томонлар икки мамлакат ҳукуматлари ва ишбилармон доираларининг ўзаро ташрифлари орқали муносабатларни фаоллаштириш муҳимлигини таъкидлади. Яқин вақт ичида ҳар икки давлатнинг тегишли вазирлик ва идоралари жорий йилнинг иккинчи ярмида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Индонезия Республикаси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ҳамда Ўзбекистон – Индонезия бизнес-форумини ўтказишга тайёргарликни бошлашига келишиб олди. Индонезия вазирлик ва идоралари раҳбарияти билан икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказиш мақсадида Ўзбекистон делегациясининг Жакарта шаҳрига ташрифи ташкил этиладиган бўлди.

Инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришнинг муҳим салоҳияти қайд этилди – қишлоқ хўжалиги ва саноатнинг электротехника, кимё, пойабзал ва чарм-атторлик тармоқларида қўшма ишлаб чиқариш объектларини қўриш ва ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни МДҲ, Жануби-Шарқий Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Африкага экспорт қилиш истиқболларига эга бўлган лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Томонлар, шунингдек, икки мамлакат бозорларида талаб бўлган Ўзбекистон ва Индонезия маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кенгайтириш, шунингдек, имтиёзли савдо ва ўсимликлар карантини соҳасида ҳамкорликка оид битимлар имзолашга тайёргарликни тезлаштиришга келишиб олди.

Меҳмонхона бизнеси ва туризмни ривожлантиришда ҳамкорликни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, жорий йилнинг август ойида ўз таркибига Индонезия ишбилармон доираларини оладиган Индонезия уламолар Кенгаши вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи давомида икки мамлакат ўртасида зиёрат туризми соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилиши режалаштирилган.

Учрашув якунида эришилган барча келишувларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш бўйича аниқ амалий чора-тадбирларни қамраб олган “Йўл харитаси»ни қисқа муддатда ишлаб чиқишга келишилди.

 

С.РАҲИМОВ, ЎзА