Ўзбекистон нотариати – замонавий технологиялар ривожланган ҳозирги замонда шунга монанд қайта дунёга келган янги соҳа каби.

Чунки бу соҳа илгари фақат қоғоздаги ҳужжатларни тан олган, энг ёмони, коррупциялашган тармоқ бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Бугунги кунга келиб соҳа тамоман электронлаштирилиб, энг шаффоф тизимлардан бирига айланмоқда.

“Notarius” (https://e-notarius.uz) электрон тизими орқали нотариал ҳаракатлар билан боғлиқ барча маълумотларни олиш, электрон навбатга ёзилиш мумкин.

Ҳар бир нотариуснинг ҳаракати мазкур тизимда акс этиши уларни ҳалол рақобат муҳитида фақат қонуний ишлашга мажбурламоқда (қўполроқ қилиб айтганда).

Хусусий нотариуслар ташкил этилгани, бугунги кунда уларнинг салмоғи юқорилиги, тизимни Нотариуслар палатаси мувофиқлаштириб бораётгани, муаммолар тезкорлик билан ҳал этилаётгани аҳолига сифатли хизмат кўрсатишни таъминламоқда.

Айниқса, халқаро ҳамкорлик алоқалари, илғор тажрибаларни миллий амалиётга жорий этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар нотариал соҳанинг ривожида муҳим ўрин тутмоқда. Қолаверса, бундай ҳамкорлик хорижий давлатларда фаолият юритаётган фуқароларимизга ҳам қулайлик яратаётир.

Ўзбекистон Нотариуслар палатаси Бутунжаҳон Нотариуслар иттифоқи билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш баробарида ривожланган давлатлар Нотариуслар палаталари билан ҳам фаол мулоқот олиб бормоқда.

Бу каби ютуқлар хорижий оммавий ахборот воситалари эътиборига тушиб, улар Ўзбекистон нотариуслари ҳақида мақолалар чоп этмоқда. Хусусан, яқинда Италиянинг   “Gazetta di Milano” газетасида Ўзбекистон Нотариуслар палатаси раиси Дилшод Ашуровнинг миллий нотариал соҳадаги янгиланишлар ҳақида мақоласи чоп этилди.

Бундан ташқари, Италиянинг “Gazetta di Avellino”, “Gazetta di Napoli”, “Gazetta di Salerno” газеталарида ҳам Ўзбекистон нотариал соҳасидаги янгиликлар ҳақида мақолалар эълон қилинди.

Бундан аввал Саудия Арабистони,  Уммон қироллиги, Россия Федерацияси, Қозоғистон ва Украина давлатлари оммавий ахборот воситаларида шу каби мақолалар чоп этилган.

Муҳими, бу каби чиқишларда нафақат ютуқлар, балки халқаро ҳамкорлик алоқалари, хорижий давлатларда фаолият юритаётган ватандошларимизга хизмат кўрсатиш тартиблари ҳақида ҳам маълумотлар бериб борилмоқда.

Хориждаги ишлаётган, ўқиётган юртдошларимизга қулайлик яратиш, халқаро ҳамкорликни мустаҳамлаш мақсадида меморандимлар ҳам имзоланмоқда. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳам ўзаро келишув шартномаси имзоланган.

Қисқа вақтда Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси Украина, Литва, Беларусь Республикалари Нотариал палаталари билан ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаган бўлса, куни кеча  Қозоғистон Нотариал палатаси билан ҳам меморандум имзоланди.

Халқаро ҳамкорлик алоқалари давом эттирилади. Эътиборлиси, жорий йилда  Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси Бутунжаҳон Нотариуслар иттифоқига аъзо бўлади.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА