Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) директори Маттео Мекаччи бошчилигидаги делегация 29 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев билан учрашди.

Учрашувда сўнгги йилларда икки томонлама муносабатлар ва ўзаро мулоқот янги сифат даражасига кўтарилгани қайд этилди. Меҳмонларга халқаро стандартлар ва энг замонавий хориж тажрибаси асосида Ўзбекистонда сайлов тўғрисидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ахборот берилди.

М.Мекаччи Ўзбекистондаги демократик ислоҳотларга юқори баҳо бериб, ўзаро алоқаларни янада ривожлантиришга тайёрлигини маълум қилди.

У жорий йил октябрь ойида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жараёнида ЕХҲТ ДИИҲБ ўзаро ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.

М.Мекаччи сайлов жараёни демократик принциплар ва стандартларга мувофиқ ўтиши учун Ўзбекистонда сайлов тизимини янада такомиллаштириш масалаларига берилаётган эътиборни юқори баҳолади.

Суҳбат чоғида томонлар ўзаро муносабатларни янада чуқурлаштиришга доир масалалар юзасидан фикр алмашди.

– Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат барпо этиш, демократия институтларини такомиллаштириш, жумладан, сайловларни ўтказиш бўйича ҳуқуқий пойдеворни янада мустаҳкамлаш борасида жиддий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, – деди Содиқ Сафоев. – Бу жараёнда ҳалқаро мулоқот ва ҳамкорлик муҳим роль ўйнайди. ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг мамлакатимизда сайлов тизимини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси шу жиҳатдан аҳамиятлидир.

– Ташкилотимиз кўп йиллардан бери Ўзбекистон билан яқин ҳамкорлик қилиб келяпти. Биз ўтган йиллар мобайнида бир қатор вазирлик ва идоралар, Марказий сайлов комиссияси, қолаверса, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик ўрнатдик. Инсон ҳуқуқлари, демократик тамойилларни илгари суришда уларга ёрдам бериб, қўллаб-қувватлаб келаяпмиз. Шубҳасиз, келгусида ҳам ушбу йўналишдаги ишларни давом эттирамиз.

ЕХҲТ ДИИҲБ делегацияси Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Комилов билан ҳам учрашди.

Меҳмонларга мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу борадаги қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш, суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш, судлар фаолиятида шаффофлик ва очиқликни таъминлаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар хусусида маълумот берилди.

Таъкидланганидек, бу борадаги ислоҳотларнинг асосий мақсади суд ҳокимиятининг мустақиллиги, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришишдан иборат.

Мулоқот чоғида делегация аъзоларига давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш борасидаги конституциявий ҳуқуқни таъминлаш мақсадида Олий судда маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати, ҳудудларда маъмурий судлар ташкил этилгани ҳақида сўзлаб берилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва ЕХҲТ ўртасида кенг кўламли ҳамкорлик муносабатлари ўрнатилгани таъкидланди. Мазкур ҳамкорлик келгусида ҳам самарали натижаларни беришига ишонч билдирилди.

Шу куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидовнинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччи билан учрашуви бўлиб ўтди.

А.Саидов парламент, қўмиталар фаолияти ҳақида тўхталиб, қонунларни қабул қилиш ва назоратини олиб боришда инсон ҳуқуқ ва манфаатларига устувор аҳамият қаратилишини алоҳида таъкидлади. Айниқса, сайловлар, ноҳукумат ташкилотлар, гендер тенглик тўғрисидаги қонунларни қабул қилишда инсонпарварлик мезонларига таянилишига урғу берилди.

Учрашувда Қонунчилик палатасининг ЕХҲТ ДИИҲБ билан ҳамкорлиги доирасидаги ишларининг муҳим жиҳатлари хусусида фикр алмашилди.

 

С.РАҲИМОВ, ЎзА