Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) директори Маттео Мекаччи бошчилигидаги делегация мамлакатимизга ташриф буюрди.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 28 апрель куни ушбу делегацияни қабул қилди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон билан ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Мазкур делегациянинг мамлакатимизга ташрифи Ўзбекистонда сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилаётган ва бунинг натижасида янги Ўзбекистон қиёфаси шаклланаётган пайтга тўғри келгани қайд этилди.

Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш, таълим сифатини ошириш ва оммавий ахборот воситаларининг ролини янада кучайтириш бўйича олиб борилаётган ишларга юқори баҳо берилди.

Ўзбекистон қўлга киритаётган муваффақиятларнинг яна бир ёрқин мисоли сифатида мамлакатимиз 2020 йил октябрь ойида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланганини келтириш мумкин.

Учрашувда томонлар Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги ва амалиётини бўлажак Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш бўйича конструктив ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор эканликларини тасдиқлади. Томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Делегация аъзолари шу куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев билан учрашди.

Мулоқотда томонлар 2019 йилги парламент сайловлари якунлари бўйича ДИИҲБ тавсияларини амалга ошириш ва Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш масалаларини муҳокама қилди.

Якуний ҳисоботда ўз ифодасини топган тавсияларни таҳлил этиш, ўз вақтида умумлаштириш, сайлов қонунчилиги ва амалиётда қўллаш, миллий қонунчиликка тегишли тавсияларни имплементация қилишни таъминлаш бўйича қатор ташкилий ва амалий чора-тадбирлар кўрилгани қайд этилди.

Жорий йил 8 февралда “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тавсиялари ижроси йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Ушбу ҳужжат билан бир қатор қонунлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритилди. Яна бир муҳим жиҳат – ДИИҲБ тавсияларини инобатга олган ҳолда, Сайлов кодексига ўзгартиришлар киритилгани таъкидланди.

Бу йил мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Ушбу сайловни принципиал жиҳатдан янги сиёсий, ҳуқуқий ва ташкилий даражада ўтказиш мамлакатимиз барқарор ва изчил ривожланишини таъминлашнинг энг муҳим омилидир.

Бўлажак сайловда халқаро кузатувчилар, шу жумладан, хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этиши ушбу муҳим сиёсий тадбирнинг умумэътироф этилган халқаро тамойиллар ва ҳуқуқий нормаларга мувофиқ ўтказилишига хизмат қилади.

Учрашувда ЕХҲТ ДИИҲБ директори М.Мекаччи сайлов тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини билдириб, Ўзбекистонга сайлов жараёнини янада такомиллаштиришда кўмаклашишга тайёр эканини таъкидлади.

 

С.РАҲИМОВ, ЎзА