Президентга мактуб

Муҳтарам Президент!

Мен шу ёшимгача ҳеч қаерга, ҳеч кимга мактуб ёзган, мурожаат қилган эмасман. Бироқ қалбимни тўлқинлантирган бир ҳолат мени ушбу номани ёзишга ундади.

Ўзим Сурхондарёнинг олис қишлоқларидан бирида яшайман. Турмушга чиққанман, икки нафар туғма ногирон фарзандим бор. Турмуш ўртоғим тирикчилик ташвишида пойтахтга кетган. Мавсумий ишларда ишлаб, еб-ичишимизгагина етадиган пул жўнатади. Мен эса ишсизман. Болаларимнинг соғлиғи муқим бир жойда ишлашимга имкон бермайди.

Ота-онам қариб қолган, жигарларим ҳам ўз ҳаёти билан андармон. Шу пайтгача ҳеч бир ҳужжатсиз, хом ғиштдан кўтарилган, одам уй дейишга ҳам ийманадиган кулбада яшаб келдик. Қўлимиз калталиги сабаб, ҳатто, деворларни ҳам сувоқдан чиқаролмаган эдик.

Бу йил қишдан норасидаларимни уйдаги бор ёпинчиққа ўраб олиб чиқдим. Дилпораларим, жонимнинг бир бўлаги. Уларнинг аҳволи, кўзимга мўлтираб тикилишлари, ўзимнинг чорасизлигимдан эзилиб, неча тунларни тонгга улаганимни, фақат Ўзигагина ёлворганимни Яратган билади.

Дунёда болаларининг олдида чорасиз қолишдан оғир дард йўқ экан. Мен буни ич-ичимдан ҳис этдим. Дунё кўзимга қоронғу кўриниб, қайси остонага, кимнинг пойига бош уришимни билмай юрган кунларимда маҳалладан мени рўйхатга олиб кетишди. Кейин билсам, «Аёллар дафтари»га киритилибман.

Кўп ўтмай пойтахтдан комиссия келди, шароитимни ўрганди. Очиқ айтаман, ўшанда ҳам мен ҳеч нарсага тушунмаган, тўғриси, ишонмаганман. Бироқ ишлар тезлашди. Бошпанамизни ҳамма ҳавас қиладиган даражада қайта қуриб, бунинг устига, барча жиҳозлари билан қўлимга топширишди. Ва айтишдики, бу уй болаларингизга Президентимиздан совға…

Ўша маҳал беихтиёр кўзимга ёш келди. Йўқ, йўқ… Бу хўрлик эмас, рўшнолик ёшлари эди. Олис бир қишлоқда, гўё ҳеч кимга кераксиздай, ўз дардига ўзи қоврилиб яшаётган бир аёлнинг дил тубидан чиққан кўз ёшлари. Мен ортимда мени, фарзандларимни ўйлаётган, биз учун ичи ачишиб қайғурадиган, бошимизни силайдиган одам борлигидан кўнглимда ғурур туйдим, эгилган бошим кўтарилди.

Ҳаётимга ўзгариш олиб кирган яна бир хабарни айтмасам бўлмас. Менга яқинда тикув машинаси беришди. Қўлимда ҳунарим бор.

Энди уйда даромад топиш имкони ҳам туғилди. Энди мен ҳам одамларга ўхшаб яшаяпман. Одамлар ҳавас қиладиган даражада уйим бор. Даромад учун ишим бор. Фарзандларим ёнимда.

Ҳурматли Президент!

Ижозат берсангиз, Сизга бир фарзанд ўз отасига ҳурматини изҳор этгандек мурожаат қилсам. Зотан, Сиз менга отам, туғишганларим қилолмаган яхшиликни, беролмаган меҳрни бердингиз. Ҳаётга, яшашга бўлган қарашларимни ўзгартирдингиз.

Мен энди ҳечам қўрқмай, сиқилмай яшайман. Биламанки, мен ташлаб қўйилмаганман, ортимизда Сиздек суянчимиз ва меҳрибонимиз бор.

Барчаси учун ташаккуримни қабул қилинг, муҳтарам Юртбошим!

 

Чексиз миннатдорлик билан, қизингиз

Насиба АТАМУРОДОВА
Сурхондарё вилояти,
Олтинсой тумани, «Шакар қамиш»
маҳалла фуқаролар йиғини