66 яшар Юсуп Камалов, хусусан, Орол денгизи ҳудудидаги ажойиб манзараларни, Устюртдаги найзасимон суратларни дельтаплан орқали томоша қилиш мақсадга мувофиқ, деган фикрда.

Олимнинг ўзи дельтаплан билан саёҳат қилишни амалда бажариш мумкинлигини исботлади. Унинг фикрига кўра, экстремал таъсирлардан харажатни аямайдиган сайёҳлар Мўйноқдан дельтапланда парвоз қилиб, Орол денгизи акваториясини ва Устюртни томоша қилиши мумкин. Маълумотларга кўра, моторли дельтапланда икки турист бемалол 200-300 километр масофагача уча олади.

Нукусга 25-30 километр жойдаги Чилпиқ, «Назархан» овул фуқаролар йиғинидаги Бестобе каби ҳудудларда эса моторсиз дельтапландан ҳам фойдаланса бўлади. Яъни, баландликдан сакраб, ҳавода муаллақ туриш ёрдамида бироз вақт осмонда парвоз қилиб завқланиш мумкин.
– Бундан 40 йил муқаддам илмий тадқиқотлар учун 2 дельтаплан ясаб, учишни ўргандим. Кейин эса яна иккитасини сотиб олдим. Ҳозирги вақтда шамол билан ҳаракатланадиган транспорт, виндсёрфинг ясаб чиқириш устида тадқиқот олиб бораётирман, – дейди олим. – Экстремал спорт билан шуғулланиш, хусусан, дельтапланда парвоз қилиш учун бизда барча имконият ва шароит бор. Орол денгизи узра парвоз қилиб, унинг ажойиб манзарасини томоша қилиш шу соҳага қизиқувчи ихлосмандлар учун завқли бўларди. Қолаверса, бу Ўзбекистонга сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилади.

Юсуп Камалов Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимида фаолият юритади. Илмий йўналиши шамол энергетикасига ихтисослашган. У Орол денгизи ва Амударёни муҳофаза қилиш уюшмаси раҳбари сифатида ҳудуддаги экологик муаммолар билан ҳам шуғулланади.

Эслатиб ўтамиз, қорақалпоғистонлик яна бир олим  – Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети профессори Мақсуд Ибрагимов Айдар-Арнасай кўллар тизими сувларини Орол денгизига қуйиш ғоясини таклиф этганди.

М.Пирназарова,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси. 
ЎзА учун махсус