Нукусда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»га бағишланган «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!» шиори остида халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали бўлиб ўтди.

Фестивалнинг биринчи куни Қорақалпоғистонлик рассомлар асарларидан иборат кўргазма ташкил этилди. Кўргазмадан устозлар билан бирга ёш истъедодли рассомларнинг санъат асарлари ҳам ўрин олди.

Миллий санъатимизнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган бой меъроси, бугунги салоҳият ва ривожланишни тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган фестиваль доирасида ўтказилган Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Ўзбекистон Бадиий академияси ҳақиқий аъзоси, Қорақалпоғистон халқ рассоми С.Байбосинов билан талабаларнинг давра суҳбати, Оролбўйининг тарихий масканларига пленэр саёҳат, Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими ҳамда И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи ҳамкорлигида «Тасвирий санъатда миллийликнинг акс этиши» номли илмий конференция иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Шунингдек Тахиатош тумани болалар мусиқа ва санъат мактабида амалий санъат рассоми М.Алламбергенова билан учрашув, Нукус шаҳридаги ихтисослаштирилган маданият ва санъат мактабида Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар устози А.Раджапов иштирокида давра суҳбати, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат миллий музейда Қорақалпоқ давлат университети талабаларининг кўргазмаси ва учрашув бўлиб ўтди. Қорақалпоғистон Республикаси ихтисослаштирилган санъат мактаби, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчиларининг кўргазмалар, таниқли рассомлар иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилди.

Иштирокчиларни тақдирлаш маросими ҳақиқий тасвирий ва амалий санъат байрамига айланди. Жумладан, унда фаол иштирок этган ва ўз иқтидори билан ажралиб турган ёш ижодкор Қорақалпоғистон Республикаси ихтисослаштирилган санъат мактаби ўқувчиси Ажинияз Танирбергенов фестивалнинг «Олтин», 1-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Бибиназ Узақбоева «Кумуш», Қорақалпоғистон Республикаси ихтисослаштирилган санъат мактаби ўқувчиси Динара Шамшетова «бронза» медаллари билан мукофотланди. Фаол иштироки ва тасвирий санъат ривожига қўшган улуши, ёш авлодни тарбиялашдаги хизматлари учун бир гуруҳ ёш рассомлар, устоз ўқитувчилар Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси томонидан таёрланган диплом ва сертификатлар билан тақдирланди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА