1924 йилда Мўйноқ туманида таваллуд топган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ўразбой ота Наметуллаев оиласи, фарзандлари, невараю-эваралар даврасида бугунги кунларга шукроналар келтириб, умргузаронлик қилиб келмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туманининг “Жана қалъа” овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган уруш қатнашчиси Ўразбой ота Наметуллаев ва турмуш ўртоғи фронторти меҳнат фахрийси Шекерхан Бердимуратовани яқинлашиб келаётган 9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрами билан табриклаш учун Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши минтақавий бўлими аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Турсунбой Абдужабборов, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси ўринбосари Меирбек Шамуратов, ўқувчи-ёшлар ва кенг жамоатчилик ташриф буюрди.
Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати ЎзАга хабар берди.
1924 йилда Мўйноқ туманида таваллуд топган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ўразбой ота Наметуллаев оиласи, фарзандлари, невараю-эваралар даврасида бугунги кунларга шукроналар келтириб, умргузаронлик қилиб келмоқда.
Мамлакатда мавжуд карантин қоидаларига амал қилган тарзда бўлиб ўтган учрашувда меҳмонлар уруш даҳшатларини кўрган отахон ва фронт ортида қўшинларга беминнат ҳисса қўшган онахонга миннатдорчилиларини билдирди.
Ўразбой ота 1942 йилда фронтга йўл олади ва 1947 йилда ҳарбий хизматдан захирага бўшатилади. Узоқ йиллар умумтаълим мактабида келажак авлоднинг таълим-тарбияси билан шуғулланади. Уруш йилларини бугун кўзларига ёш олиб эслаётган нуроний отахону-онахон ҳарбий хизматчилар ва кенг жамоатчилик ташрифидан хурсанд бўлди.
1994 йилда отанинг бугунги тинчлик ва осойишталикни таъминлашга қўшган ҳиссаси юксак баҳоланиб, Президент томонидан “Жасорат” медали билан тақдирланди.
Уруш қатнашчилари ҳарбий хизмат йилларини, жанглардаги воқеаларни меҳмонларга гапиришди, бугунги дориломон кунларга етказгани учун шукроналар келтиришди.
Нукус гарнизони ҳарбий госпиталининг мобиль гуруҳи томонидан уруш ва меҳнат фахрийси тиббий текширувдан ўтказилиб, соғлиғини асраш бўйича зарур тавсиялар берилди.