Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида фуқароларни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда бу соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисидаги масала юзасидан юборилган парламент сўровига бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Ҳусановнинг жавоби атрофлича кўриб чиқилди.
Парламент сўровига жавобда қайд этилганидек, сўнгги тўрт йил ичида ташқи меҳнат миграцияси масаласини тартибга солишга қаратилган тизимли ислоҳотлар мазкур соҳадаги кўплаб муаммоларни бартараф қилиш ва фуқаролар учун зарур қулайлик яратиш имконини бермоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши мустаҳкамлаб қўйилди. Меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солишда ижобий натижаларга эришилмоқда.
Вазирлик тақдим қилган маълумотларга кўра, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хорижий давлатларнинг салоҳиятли иш берувчиларини қидириб топиш ва ҳамкорлик ўрнатиш натижасида Ўзбекистон бозори учун 65 мингта бўш иш ўрни аниқланди. Хориждаги мавжуд иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар вазирлик ва Агентликнинг расмий ахборот манбаларида ва “lаbor-migrаtiоn” дастурий мажмуасида ёритиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий танлов асосида вақтинчалик меҳнат фаолиятига жалб қилиш бўйича Россия, Қозоғистон, БАА, Чехия Республикасининг бир қатор иш берувчи корхоналари билан келишув шартномалари имзоланган.
Шунингдек, «Ишга марҳамат» мономарказида Москва шаҳридаги Кўп тармоқли миграция маркази филиали очилди. Германия Федератив Республикаси ҳамда Канада компаниялари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Натижада 2021 йилнинг 1-чорагида 9 минг 465 нафар фуқарони хорижда ишга жойлаштиришга эришилди.
Хориждаги меҳнат мигрантлари ва ватандошларга ҳуқуқий, консультатив, ижтимоий, моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатиш мақсадида Агентликнинг хориждаги ваколатхоналари фаолият юритмоқда. Уларга мурожаат қилган фуқароларга тегишли маслаҳатлар, ҳуқуқий, ижтимоий ва моддий ёрдамлар кўрсатиляпти.
Депутатлар вазирликнинг мазкур соҳадаги фаолиятини амалга оширишда мавжуд имкониятлардан янада кенгроқ фойдаланиш, фуқароларни хорижга ишга жойлаштириш географиясини кенгайтириш, хориждаги дипломатик корпусларнинг мигрантлар билан ишлаш масалаларига янада кўпроқ эътибор бериш, мазкур соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш зарурлигини қайд этдилар.
Н.Насриев, ЎзА