Ўзбекистон “VETERAN” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими Кенгаши ташаббуси билан Афғон уруши ва куч тузилмалари фахрийлари Мўйноқ туманида кўчат экиш акциясида иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган «Фахрийлардан боғлар» акциясида 130 нафардан зиёд фахрий иштирок этди. Улар томонидан 700 тага яқин мевали, 300 тупга яқин манзарали дарахт кўчати экилди. Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 2290 нафар Афғон уруши қатнашчиси бўлиб, мамлакатимиз тараққиёти йўлида меҳнат қилиб келмоқда.
Акция доирасида «Фахрий боғбон» танлови ўтказилиб, ғолиблар ташкилотчилар томонидан тақдирланди.
– Тадбирни ташкил этишдан асосий мақсад, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Мўйноқ туманида амалга оширилаётган кўкаламзорлаштириш ишларига ўзларимизнинг ҳиссамизни қўшишдир, – дейди Ўзбекистон “VETERAN” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими Кенгаши раиси Бобур Таджимов.
– Масофа узоқ бўлса ҳам қалбларни яқинлаштириб, барча шаҳар ва туманлардан келган фахрийлар кўчат экиш ишларида фаоллик кўрсатди. Акция учун кетадиган сарф-харажатларни ҳам ўзлари кўтарди. Уларнинг ушбу ташаббуси ёшларимизга ўрнак бўлади, деган умиддамиз.
Мана шундай акцияни Бўзатов ва Беруний туманларида ҳам ўтказиш режалаштирилган.
Довуд Абибуллаев, ЎзА