Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 13 апрель куни ёшлар бандлиги ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича берилган топшириқлар ижроси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.

Мамлакатимизда жорий йилда ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича жуда катта марра ва муҳим вазифалар белгилаб олинган. Жумладан, йил бошидан буён Президент раислигида ёшлар масаласида иккинчи маротаба видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.

Январь ойида ўтказилган селекторда иккита устувор йўналиш – ёшлар бандлиги ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича топшириқлар берилган эди.

Давлатимиз раҳбари бу галги йиғилишда вазирлар, вилоят раҳбарлари, шунингдек, бугунги ислоҳотларнинг жойлардаги масъуллари бўлган туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, ректорлар бу борада ишларни қандай ташкил этгани, ярим йилликда, 9 ой ва йил якунига қадар эришиладиган аниқ натижалар юзасидан ҳисобот бериши зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда республика бўйича 648 минг нафар ишсизлар “Ёшлар дафтари”га киритилгани, биринчи чоракда 283 минг ёшнинг бандлиги таъминлангани таъкидланди.

Хусусан, 175 минг нафар ёшга 45 минг гектар ер майдони ажратилган;

76 минг нафар ёш доимий ва жамоат ишларига жойлаштирилган;

33 минг нафар ёшларга тадбиркорлик фаолияти учун 800 миллиард сўм кредит, 6 минг нафарига субсидия ажратилиб, бандлигига кўмаклашилган.

Шу билан бирга, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида 36 мингта қўшимча турли тўгараклар ташкил этилиб, 874 мингга яқин ёшлар жалб этилди.

“Беш муҳим ташаббус” доирасида 97 мингта маданият, спорт инвентарлари ва компьютерлар, 562 мингта бадиий китоб таълим муассасалари, кутубхона ва ўқув марказларига етказиб берилди.

Президент шунча вазифалар белгилаб берилганига қарамай, айрим раҳбарларнинг ёшлар масалаларига эътибори ҳали ҳам талаб даражасида эмаслигини кескин танқид қилди.

– Биз йил бошида ёшлар масаласини бежиз Давлат хавфсизлик хизматига топширмаган эдик. Бу борадаги ўрганишлар жойларда савия йўқлигини кўрсатди. Туман, шаҳар ҳокимлари, ҳозирги замон талабига мос иш қилолмаяпти, ректорлар номига юрибди. Нимага ректор ёшлар билан учрашди, 2-3 та талабани ишли қилди, деган гапни эшитмаймиз? Ёки ректорлар нега талабалар турар жойларига бориб санъат арбоблари билан учрашув ўтказмайди, нимага таклиф бермайди? Ота-оналар ректорларга қараб турганда нега улар ташаббус билан чиқмайди? Чунки ҳеч ким ёмон кўрингиси келмайди, амалда ҳамма ўзига яхши бўлишини хоҳлайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари Президентнинг  ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Абдувоҳитовда талабчанлик етишмаётганини, Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов фолиятида натижа кўринмаётганини танқид қилди.

Йиғилишда жойлардаги муаммолар аниқ мисоллар билан айтиб ўтилди. Масалан, Андижон вилоятида 80 минг нафар ишсиз ёшдан биринчи чоракда 35 минг 600 нафарининг бандлиги таъминланган, шундан бор-йўғи 5 мингга яқини доимий ишларга жойлаштирилган. Ваҳоланки, бугунги кунда вилоятда саноат корхоналари ва кластерларда 7 мингта доимий вакант иш ўринлари мавжуд.

Жалақудуқ, Пахтаобод туманлари ва Хонобод шаҳрида бўш иш ўринларига жойлаштиришда камчиликларга йўл қўйилмоқда.

Худди шу каби, ишсиз ёшларни касб ва тадбиркорликка ўқитишда ҳам муаммолар бор. Косонсойда 4,5 минг нафар ишсиз ёшларнинг 31 нафариНаманган туманида 3,6 минг нафардан 47 нафариТахтакўпирда 1,3 минг нафардан 45 нафари ўқитилган, холос.

Шунингдек, ёшларнинг ўзини ўзи банд қилиши учун Бандлик жамғармасидан 7 миллион сўмгача субсидия ажратилиши белгиланган бўлса-да, Қашқадарёда бор-йўғи 5 нафар, Андижонда 11 нафар, Қорақалпоғистонда 76 нафар ёшларга субсидия ажратилган.

Президент ҳокимларнинг ёшлар бўйича ҳар 15 кун, 1 ойда нима ташаббус кўрсатганига қараб фаолиятига баҳо берилиши, шунга қараб ишда қолиш-қолмаслиги ҳал этилишини таъкидлади.

– 27 йил ёшларни ўқитмадик, дардига қулоқ тутмадик. Ёшлар биздан 20 баравар илгарилаб кетди. Уларга етиш учун кўпроқ ишлаш, ўрганиш керак. 2-3 йил олдин тизим йўқ эди, кейинги пайтларда етарли қарорлар қабул қилдик. Энди ҳар бир мактаб, коллеж, техникум, ҳунар-техника мактаблари директорлари ташаббус билан чиқиши керак, – деди Президент.

 

ЎзА