Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашининг «2021 йилда ходимлар ва уларнинг оила аъзоларининг узайтирилган байрам кунларида мароқли дам олишини ташкил қилишга кўмаклашиш тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети касаба уюшмаси қўмитаси томонидан Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилди.
Саёҳатда университетнинг 50 нафар нуроний профессор-ўқитувчиси ва ходимлари ҳамда талаба ёшлари иштирок этди.
Президентимизнинг 2018 йил 7 февралда “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилинган эди. Шу асосда ички, зиёрат туризми ҳам жадал ривожланмоқда. Ушбу саёҳат ҳам айни йўналишдаги ишларнинг бир намунаси бўлди.
– Саёҳатчиларнинг Самарқанд шаҳрига ташрифи кутилгандан ҳам аъло даражада ўтди, – дейди Қорақалпоқ давлат университети Касаба уюшмаси қўмитаси бошлиғи Ашраф Аллияров. – Имом ал-Бухорий мажмуасидан бошланган саёҳат давомида Гўри Амир, Хўжа Дониёр, Бибихоним мақбараларидан тортиб, Регистон майдонигача давом этди ва албатта, Биринчи Президентимиз И.Каримов мақбараси ҳам зиёрат қилинди. Азим Самарқанд шаҳри ҳамманинг ёдида ўчмас хотиралари билан қолди.
Шунингдек, университетимиз талабалари Самарқанд давлат университетида ҳам бўлди, у ерда яқинда ташкил қилинган Талабалар ассоциацияси ишлари билан танишди, Университет жамоаси бундан олдин Бухорога саёҳатга борган бўлса, келгусида, пандемия бутунлай бартараф қилиниб, карантин қоидалари бекор қилингандан кейин, саёҳатимиз Қозоғистоннинг Туркистон шаҳридаги Хўжа Аҳмед Яссавий мақбарасига бўлиши режалаштирилган.
Университет касаба уюшмаси қўмитаси томонидан доимий равишда хайрия ишлари ҳам амалга ошириб келинмоқда. Ўтган йили карантин чоралари кучайтирилган пайтларда Туркманистон давлатидан келиб ўқиётган 123 нафар талабага ози-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Шунингдек, университет раҳбарияти билан ҳамкорликда ушбу ўқув юртида меҳнат қилаётган ходимларга бепул ун, ёғ маҳсулотлари тарқатилди.
Есимхон Қаноатов, ЎзА