Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Доҳа шаҳрида Қатар Давлати Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири Шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон бин Жосим Ол Соний билан учрашди.

Мулоқот давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, туризм, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама муносабатнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболи, томонларнинг халқаро тузилмалар доирасидаги ўзаро алоқалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон – Қатар ҳамкорлигини янада ривожлантиришдан томонлар манфаатдор экани ва шерикликни кўп қиррали жиҳатга йўналтиришга хайрихоҳлик билдирилди.

Вазирлар яқинда ташқи ишлар вазирликлари ўртасида бўлиб ўтган сиёсий маслаҳатлашувнинг ижобий натижасини мамнуният билан қайд этиб, турли даражада конструктив мулоқотни давом эттириш зарурлигини таъкидладилар.

Қатар Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири барча соҳаларда аниқ натижага эришишга қаратилган ҳамкорлик даражасини юқори баҳолади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий муносабатни кенгайтириш бўйича ҳамкорлик Қатар ташқи сиёсатида устувор ўрин эгаллайди.

Маданий-гуманитар ва туризм соҳасида алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Суҳбат давомида томонлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.

ЎзА