Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 11 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни қуролли кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига асосан, чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган фуқаролар шу йилнинг март-апрель ойларида муддатли ҳарбий хизматга чақирилмоқда.
Мудофаа вазирлиги қўшинларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун Нукус шаҳрига махсус поезд билан етиб келган ўғлонларни Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, актёр, режиссёр, сценарист Ҳилол Насимов ва Ўзбекистон давлат драма театри директори, актёр Баҳром Усмонов, «Нуроний» жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси Турсунбой Абдужабборов, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг биринчи ўринбосари – штаб бошлиғи полковник Дилшод Илҳомов қарши олди.
Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати ЎзАга хабар берди.
Нукус гарнизони ҳарбий оркестрининг тантанавор куй ва наволари остида кутиб олинган янги чақирилувчиларга кутиб олиш маросими ўзгача кайфият ва шижоат бағишлади.
Тадбир давомида сўз олганлар Қорақалпоғистон заминига етиб келган азаматларни қутлаб, бу юртнинг бой тарихий мероси, маданияти ва урф-одатлари бир йил давомида муддатли ҳарбий хизматни ўтайдиган аскарларда катта таассуротлар қолдиришига ишонч билдиришди. “Саҳродаги Лувр” номи билан дунёга машҳур бўлган И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи каби кўплаб тарихий объектларга, албатта бориш тавсия қилинди. Ватанимизни кўз қорачиғидек асраб, ёруғ юз билан уйларига қайтишга тилак билдирилди.
Ҳа, мамлакатимизнинг турли вилоятларидан саралаб олинган мана шундай мард ва забардаст ўғлонлар жойларда тантана билан кутиб олиняпти. Зеро, юрт қўришдек масъулиятли вазифага киришаётган йигитлар халқимиз, мамлакатимиз томонидан юксак қадрланади.
– Аскарлар билан суҳбатлашсангиз ҳар бирининг эзгу ниятлари келажакка улкан умидлар билан суғорилганини англайсиз, – дейди Ҳилол Насимов. – Уларга қараб, юртимиз ҳимояси ҳар томонлама баркамол, жисмонан бақувват бўлган мард ва жасур ўғлонлар қўлида эканлигидан чексиз ғурур ва ифтихор туйғуларини туясиз.
Кино санъатига қизиқиб келаётган аскарлар тадбир давомида таниқли режиссёрни суҳбатга тортишди.
Нукус вокзалидан ҳарбий қисмга етиб келган янги чақирилувчилар эндиликда амалдаги карантин қоидаларига мувофиқ ўтказиладиган йиғин машғулотларида иштирок этиши белгиланган.