Қорақалпоғистон Республикаси ҳарбий-маъмурий секторининг 2021 йилдаги режасига асосан “Нукус” дала-ўқув майдонида янги мажмуавий иншоотнинг қурилишига тамал тоши қўйилди.

Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати ЎзАга хабар берди.

Мажмуанинг қурилиши бошланишига бағишланган тадбирда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда Вазирлар Кенгаши масъуллари, ҳарбий хизматчилар ҳамда қурувчи-пудратчи ташкилот вакиллари иштирок этди.

2020 йилнинг декабрь ойида янгича кўриниш касб этиб, капитал таъмирдан чиққан “Нукус” полигони халқаро стандартларга мос келиши, унда барча куч тузилмалари мавжуд қуроллардан ўқув машғулотларини амалда қўллай олиши билан мамлакатдаги ҳарбий полигонлар рейтингида ўз ўрни ва нуфузига эга бўлди.

Қурилиши режалаштирилаётган янги мажмуа эса жаҳон стандартлари асосида ўтказиладиган халқаро мусобақа ва ҳамкорликдаги ўқув машғулотларнинг ўтишини сифат жиҳатидан яхшилашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Таъкидлаш жоизки, бино 200 ўринли мажлислар ҳамда брифинг заллари, йўриқномалар ўтказиш синфи, ўқ отишдан амалий машғулотларни бажаришга мўлжалланган компьютерлаштирилган электрон тренажёр хонаси, офицерлар ётоқхонаси, вақтинча матбуот маркази, гардероб ҳамда санитар тизимдан иборат бўлади. Ушбу бино қурилиши “Story city” МЧЖ томонидан амалга оширилади.

Тадбир давомида қурилиши режалаштирилаётган объект Ватан ҳимоячиларининг жанговар шайлиги ва тайёргарлигини ҳар жиҳатдан юксак даражага қўтаришга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

 

ЎзА