Нукус шаҳрида қурилиш соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш маркази ўз фаолиятини бошлади.

Қарор ва ижро 

Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати ЎзАга хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 январдаги “Вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижий давлатга кетаётган шахсларни ва банд бўлмаган аҳолини ўқитишни ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарияти ва ҳудудий ҳарбий-маъмурий сектори томонидан қисқа фурсатда Нукус шаҳридаги Транспорт коллежи негизида капитал таъмир ва реконструкция ишлари амалга оширилиб, ушбу марказ бунёд этилди.

Қурилиш соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш маркази очилишига бағишланган тантанали маросимда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, ҳудудий ҳарбий-маъмурий сектори раҳбари Мурат Камалов, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар ҳамда марказ ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди.

Сўзга чиққанлар бугун хорижий мамлакатлар, хусусан, юртимизда жадал олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари ўз ўрнида ҳам ташқи, ҳам ички меҳнат бозорида қурилиш соҳасинииг малакали мутахассисларига талабни ошириб келаётганини, бу, ўз навбатида, аҳоли бандлигини таъминлаш, талаб ошаётган соҳага ўз касбининг моҳир мутахассисларини тайёрлаш тизимини тубдан яхшилашни тақозо этаётганини таъкидлади.

Марказда таҳсил оладиган фуқароларга қурилиш соҳаси йўналишлари бўйича зарур кўникмалар билан бир қаторда хорижий тиллар ҳамда бориши режалаштирилаётган давлатнинг тарихи, анъаналари, урф-одатлари ва қонунчилиги бўйича дастлабки билимлар берилиб, касб-ҳунар ўргатилади.

Ривожланиб бораётган қурилиш соҳасида замонавий технологиялар ёрдамида ишлашни ўргатиш мақсадида таълим жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологиялари, илм-фаннинг энг сўнгги ютуқларини кенг жорий этиш тизими йўлга қўйилган.

Марказ учун ажратилган ижтимоий объектларда капитал таъмир ва реконструкция ишлари натижасида замонавий андозаларга асосланган 14 та ўқув ва амалиёт хонаси, 300 ўринли иккита ётоқхона, шинам ва кўркам ошхона, маънавият ва маърифат маркази, кутубхона ҳамда спорт зали барпо этилди.

Муассасада темир-бетон ишлари устаси, ғишт терувчи, электро-газ пайвандчи, дурадгор, сувоқчи, бўёқчи-безакчи, сантехника ишлари устаси, электро-монтажчи, кўтарма кран бошқарувчиси ёрдамчиси, қопловчи-плиткачи, пўлат ва темир бетон конструкциялар монтажчиси, гипсокартон монтажчиси, кран машинисти, том ёпувчи каби 14 та мутахассислик бўйича таълим-тарбия берилади.

Муҳандислик тармоқларини таъмирлашга ихтисослашган амалий машғулотлар устахонаси ҳар бир мутахассисликлар бўйича алоҳида жиҳозлар, керакли дастгоҳ ва ўқув буюмлари билан жиҳозланган.

Марказда таҳсил олувчилар олган назарий билимларини амалда мустаҳкамлаши учун 3 гектардан иборат бўлган ўқув полигони учун ер майдони ажратилган.

Муассасанинг моддий-техник базасини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан ўқув жараёнларида фойдаланиш учун замонавий, сўнгги русумдаги 5 дона автобус, автокран, самосвал, эксковатор, юкловчи каби махсус техникалар ва автотранспорт воситалари, кўтариш кранлари ва ўқув тренажёрлари топширилди.

Марказда қурилиш соҳасидаги касблар бўйича ўқитиш World Skills каби халқаро стандартларга мувофиқ ҳамда потенциал хорижий иш берувчиларнинг талабларини ҳисобга олган ҳолда олиб борилади. Хорижий, яъни рус ва бошқа тиллар бўйича ўқитиш етакчи маҳаллий ва чет эл олий таълим муассасаларининг ўқув дастурлари асосида амалга оширилади. Бу, ўз навбатида, битирувчиларга мутахассислиги бўйича жаҳоннинг энг илғор ва етакчи ишлаб чиқариш корхоналари ва хизмат кўрсатиш ташкилотларида фаолиятларини давом эттириш имконини беради.

Қурилиш соҳасида етук мутахассисларни сифатли тайёрлаш мақсадида марказга тажрибали ўқитувчилар жалб этилди.

Тантанали маросим давомида меҳмонлар янгидан очилган марказда яратилган шарт-шароитлар, замонавий ўқув биноси, таълим-тарбия учун мўлжалланган ўқув хоналари ва маиший объектлар билан яқиндан танишди.

Шу куни марказда таҳсил олиш учун махсус уст-бош кийимлар билан таъминланган 300 нафар фуқаро билан илк ўқув машғулотлари бошланди.

 

ЎзА