Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ташаббуси билан шаҳар ва туманларда “Ёшлар форуми” бўлиб ўтмоқда.
Жорий йилнинг 1 март санасида Элликқальа туманида бошланган тадбир энди Қораўзак туманида бўлиб ўтди.
Ёшларга кўтаринкилик бағишлаган форум “Саломатлик учун 5000 қадам” марафони билан бошланди. Туман бошланғич ташкилот етакчилари, сардорлар ва уюшмаган жами 280 нафардан ортиқ ёш битта шиор остида жамланди.
Форум доирасида хотин-қизларнинг тадбиркорликка бўлган қизиқишини ошириш мақсадида туман сардорлари ва умумий ўрта таълим мактаби битирувчилари иштирокида Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан ташкиллаштирилган гўзаллик ва тикувчилик курсларига, шунингдек, Агроиқтисодиёт техникуми ветеринария гуруҳи ўқувчилари учун А.Дўсназаров овули фуқаролар йиғинида жойлашган “Panaev farms” масьулияти чекланган жамиятига саёҳат ташкил қилинди. Саёҳат ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Жумладан, тадбир иштирокчиларидан бири Азамат Ўринбоев чорвачиликка бўлган қизиқиши юқори бўлгани боис, келгусида ўзи истиқомат қилаётган ҳудудда чорвачилик мажмуасини очиб, ўз бизнесини йўлга қўйиш ниятида эканлигини билдирди.
Туман марказидаги “Қорақум Абдулла” масъулияти чекланган жамиятининг спорт майдончасида 2003-2004 йилларда туғилган ўғил болалар ўртасида мини футбол мусобақаси ўтказилди. Унда 18 жамоа иштирок этди. Мусобақа якунида 2-сон ихтисослаштирилган давлат умумий таълим мактаби ўқувчилари биринчи, 1-сон умумий таълим мактаби иккинчи, касб-ҳунар мактаби ўқувчилари учинчи ўринни эгаллаб, ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалар ва диплом билан тақдирланди.
“Ёшлар дафтари”га киритилган 3 нафар ёшга имтиёзли кредит асосида ўз-ўзини банд қилиш учун туман ҳокими У.Утамбетов томонидан мотоцикл, шунингдек, 1 нафар ёшга темир буюмларини таъмирлаш учун чилангарлик ускунаси топширилди.
Форуми доирасида “Қувноқлар ва зукколар” мусобақаси бўлиб ўтди. Унда 6 та жамоа иштирок этган тадбирда тумандаги 28-сон умумий ўрта таълим мактаби жамоаси биринчи, 1-сон умумий ўрта таълим мактаби иккинчи, касб-ҳунар мактаби учинчи ўринларни эгаллаб, ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар ва диплом билан тақдирланди.
Туманнинг “Маданият” овул фуқаролар йиғини ҳудудида 6 нафар ишсиз ёшга 6 гектар ёр майдони ажратиб берилди. Бу эса ёшларнинг деҳқон, фермерлардан тажриба ўрганиб, берилаётган субсидиялардан самарали фойдаланган ҳолда фаолиятини йўлга қўйишига имконият яратади. Таъкидлаш жоизки, жорий йил бошидан буён 735 нафар ёшга 738,1 гектар ер майдони ажратиб берилди.
Форум якунида ўтказилган тадбирларда фаол иштирок этган ёшларни тақдирлаш маросими бўлди.
Бугун “Ёшлар форуми” Қўнғирот туманида бўлиб ўтмоқда.
Довуд Абибуллаев,
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА