Қорақалпоғистон тиббиёт институтида “Ислоҳотларни амалга оширишда ахборотнинг роли” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан ташкил этилган семинарда Сенат аъзолари, депутатлар, маҳалла тизими ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Семинарда Олий Мажлис Сенати аъзоси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати О.Атаниязова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Л.Сеитова, М.Ибрагимов, Қорақалпоғистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари М.Аҳмедова Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга тўхталди.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, шаҳар ва туманларда, энг чекка ҳудудларда қурилиш ва ободонлаштириш ишларини олиб бориш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса, аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш, фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартиришда ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Шунинг учун ҳам, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни аҳолига, ҳар бир фуқарога етказиш бугунги куннинг долзарб масаласи ҳисобланади. Бунда кенг жамоатчилик, айниқса, оммавий ахборот воситаларининг хизмати алоҳида аҳамият касб этади.
– Тадбирни ўтказишдан мақсад, ҳаётимизда рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка, айниқса, энг чекка ҳудудларда яшовчи аҳолига етказиш, ўз навбатида уларни қийнаётган муаммоларни ўрганишдан иборат, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Орал Атаниязова. – Бунинг учун, фуқаролар йиғинлари, секторлар фаолиятини янада такомиллаштириш, маҳаллий депутатларнинг фаоллигини ошириш, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар вакиллари билан ҳамкорликни ривожлантириш талаб қилинади.
Семинарда ҳозирги ахборот технологиялари ривожланган даврда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар ҳақида аҳолини ўз вақтида хабардор қилиш, тўғри ахборот тарқатишда оммавий ахборот воситалари билан бир қаторда ижтимоий тармоқларнинг имкониятларидан кенг фойдаланиш масалалари бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА